“Биз донормиз”
“Юксалиш” ҳаракати томонидан “Биз донормиз” шиори остида “Донорлик – беғараз ёрдам” номли тадбир ташкил этилди.
Тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, инсонларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилган беғараз донорлик акциясида 60 нафар ҳарбий хизматчи қатнашди.

Дастлаб “Юксалиш” ҳаракати вакиллари ва вилоят қон қуйиш станцияси шифокорлари томонидан ҳарбий хизматчиларга донорлик ва унинг инсон саломатлиги учун ижобий таъсири ҳақида тушунчалар берилди.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, барча давлатларда қонга бўлган эҳтиёжни тўлиқ таъминлаш учун ҳар 1000 кишига 40-60 нафардан донор тўғри келиши лозим. Мамлакатимизда эса бу кўрсаткич ҳозирча 4-5 нафарни ташкил этади, холос. Айнан шу боис бугун беғараз донорлар сафини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг изчиллигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.

– Бугунги акцияда ҳарбий қисм хизматчилари билан биргаликда фаол иштирок этдик, – дейди Искандар Исроилов. – Қон ҳаёт масаласи. Биз ҳарбийлар ҳам қон топширишни ўзимизнинг бурчимиз деб биламиз. Менинг қоним кимнингдир ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшса, бу мен учун катта бахтдир.
Албатта, ушбу донорлик акцияси аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантириш, донорлик ҳаракатини кенг жамоатчилик иштирокида ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А. Бўриев, ЎзА мухбири