Билимдан етакчилик сари: “Ўзмиллийбанк” АЖда янги авлод раҳбарлари шаклланмоқда
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти фаолиятида ходимларни ривожлантириш, кадрлар захирасини мустаҳкамлаш ва келажакдаги раҳбарларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Банкда бир вақтнинг ўзида бир нечта йирик таълим ташаббуслари амалга оширилди ва улар нафақат янги билимларни бериш, балки ходимларнинг бошқарув салоҳиятини очиш, лидерлик кўникмаларини ривожлантириш ҳамда замонавий банк тизимида самарали ишлай оладиган раҳбарларни шакллантиришга хизмат қилди.
Бугунги кунда банк тизимидаги ўзгаришлар, рақобатнинг кучайиши ва мижозлар талабининг ортиб бориши раҳбарлардан нафақат профессионал билим, балки стратегик фикрлаш, мослашувчанлик, ташаббускорлик ва жамоани ортидан эргаштира олиш қобилиятини ҳам талаб қилмоқда. Шу сабабли “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятида кадрлар захирасини ривожлантириш масаласи HR-стратегиянинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган бўлиб, ходимларни тизимли тайёрлаш, уларнинг салоҳиятини аниқлаш ва янги авлод лидерларини шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
5–6 май кунлари Операцион даражадаги кадрлар захираси иштирокчилари учун “БХМ раҳбарлари ва бош бухгалтерларини тайёрлаш курси” мавзусида икки кунлик тренинг ташкил этилди.
Ушбу тренинг Банк хизматлари марказлари (БХМ) бошқарувчилари ва бош бухгалтерлари лавозимларига тайёрланаётган истиқболли ходимларни ривожлантиришга қаратилди.
Унда республиканинг турли ҳудудларидан келган, ўзининг касбий натижалари, ташаббускорлиги ва ривожланишга интилиши билан ажралиб турган ходимлар иштирок этди. Улар орасида келгусида Банкнинг ҳудудий тармоғида раҳбарлик лавозимларига тайинланиши режалаштирилаётган мутахассислар ҳам бор эди.
Мазкур тренингнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — таълим жараёни Банкнинг ички экспертлари томонидан олиб борилгани. Тренер ва спикер сифатида Банкнинг турли йўналишларида фаолият юритаётган тажрибали раҳбарлар, амалиётчилар ва экспертлар иштирок этди. Улар назарий билимлар билан бўлишди. Шунингдек, ўзларининг реал иш тажрибаси, мураккаб вазиятларда қабул қилган қарорлари ва бошқарув амалиётидаги ёндашувлари билан ҳам ўртоқлашди.
Бу эса тренингни оддий маъруза эмас, балки ҳақиқий профессионал тажриба алмашинуви майдонига айлантирди. Иштирокчилар Банк тизимида учрайдиган реал кейсларни муҳокама қилиб, кундалик фаолиятда юзага келадиган мураккаб вазиятларга ечим топиш устида ишлади.
Икки кун давомида тренинг дастури доирасида молиявий ҳисоб, банк операциялари, савдо ва мижозлар билан ишлаш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, комплаенс назорати, муаммоли кредитлар билан ишлаш, раҳбарнинг масъулияти ва жамоа бошқаруви каби муҳим йўналишлар қамраб олинди.
Айниқса, мижозларга хизмат кўрсатиш сифати, самарали коммуникация ва жамоани бошқариш бўйича мавзулар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Тренинг давомида иштирокчилар нафақат билим олдилар, балки ўз фикрларини эркин билдириш, жамоада ишлаш ва бошқарув қарорларини қабул қилиш бўйича амалий кўникмаларини ҳам ривожлантирди.
Ўқув дастурининг амалий натижалари қисқа муддат ичидаёқ намоён бўлди. Тренингда иштирок этган 5 нафар ходим 7 май куни филиалларда раҳбарлик лавозимларига тайинлаш бўйича саралаш комиссиясида иштирок этди.
Улар имтиҳон ва суҳбат жараёнларини муваффақиятли топшириб, раҳбарлик лавозимларига тавсия этилди. Ушбу натижа Банкда йўлга қўйилган кадрлар захирасини ривожлантириш тизими ва амалиётга йўналтирилган тренингларнинг самарадорлигини яна бир бор тасдиқлади.
Ривожланиш ҳафтасининг давоми сифатида Операцион-бошқарув даражадаги кадрлар захираси иштирокчилари учун “Тизимли ва креатив фикрлаш” мавзусида яна бир муҳим тренинг ташкил этилди.
Мазкур дастурга халқаро сертификатларга эга, банк соҳаси учун таълим лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тажрибали тренер Азизбек Аҳроров жалб қилинди.
Тренингнинг асосий мақсади иштирокчиларда стратегик ва аналитик фикрлашни ривожлантириш, муаммоларнинг туб сабабларини аниқлаш, ностандарт ечимларни ишлаб чиқиш ва жамоавий ишлаш самарадорлигини оширишдан иборат бўлди. Дастур давомида креатив фикрлаш воситалари, тизимли таҳлил, бошқарув кейслари ва интерактив машғулотлардан кенг фойдаланилди.
Топшириқлар ва реал вазиятлар асосида ташкил этилган муҳокамалар катта мотивация манбаига айланди. Тренинг давомида ҳар бир иштирокчи ўзининг лидерлик салоҳияти, фикрлаш услуби ва бошқарув ёндашувларини қайта таҳлил қилиш имкониятига эга бўлди.
Бугунги кунда “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамиятида кадрлар захирасини ривожлантириш - банкнинг келажаги, барқарор ривожланиши ва янги авлод лидерларига йўналтирилган стратегик инвестиция.
Банк раҳбарияти томонидан ходимларнинг профессионал ва шахсий ривожланишига алоҳида эътибор қаратилаётгани эса ҳар бир ходим учун катта имкониятлар эшигини очмоқда. Чунки кучли банк бу энг аввало кучли жамоа, билимли мутахассис ва замонавий фикрлайдиган лидерлар демакдир.
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти бундан буён ҳам ички экспертиза, амалий тажриба ва халқаро ёндашувларни уйғунлаштирган ҳолда ходимларни ривожлантириш ва замонавий раҳбарларни тайёрлаш бўйича тизимли ишларни давом эттиради.
Н.Усмонова,
О.Пардаев (сурат),
ЎзА мухбирлари