Беш шартлик синов: йилнинг энг яхши ахборот-кутубхона мутахассислари эълон қилинди
Бухоро азалдан илм-маърифат ва китобхонлик бешиги саналади. 16–20 ноябрь кунлари қадимий кент яна бир бор мамлакатимиз ахборот-кутубхона соҳаси вакилларини бир даврага жамлади.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро вилояти ахборот-кутубхона марказининг 105 йиллиги муносабати билан ташкил этилган “ИНФОЛИБ ЎЗБЕКИСТОН–2026” XV Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги соҳадаги янгиланишлар, илғор тажриба ва истиқболли ғоялар майдонига айланди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 январдаги “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кутубхоначилик фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлашда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳафталик дастуридан ўрин олган учрашувлар, семинар ва маҳорат дарслари, янги лойиҳалар тақдимоти айни шу вазифаларнинг амалий ифодаси бўлди. Улар мутахассисларга нафақат ўзаро тажриба алмашиш, балки замонавий кутубхоначилик имкониятлари билан яқиндан танишиш имконини берди.
Ҳафталикнинг энг муҳим ва кутилган тадбирларидан бири “Йилнинг энг яхши ахборот-кутубхона мутахассиси – 2026” кўрик-танловининг республика босқичи бўлди. 17–18 ноябрь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган беллашувда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар ҳамда туман ва шаҳар ахборот-кутубхона марказларининг энг сара мутахассислари ўз маҳоратини синовдан ўтказди.
Кутубхоначи касбининг нуфузини ошириш, илғор иш услубларини оммалаштириш ва соҳага янгича ғояларни олиб киришга қаратилган танлов беш шартни қамраб олди. Иштирокчилар дастлаб “Оқ ва қора” шартида тезкор фикрлаш ҳамда мантиқий мушоҳада қобилиятини намойиш этди. “Савол-жавоблар” босқичида соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича билимлар синалган бўлса, “Бадиий асар билимдони” шарти мутахассисларнинг адабий диди ва мутолаа савиясини очиб берди. Айниқса, “Соҳага таклиф этадиган стартап лойиҳа” шарти жонли баҳс-мунозараларга бой кечди. Унда кутубхона фаолиятини такомиллаштириш, хизматлар сифатини ошириш ва замонавий ёндашувларни жорий этишга доир амалий ташаббуслар тақдим этилди. Якуний тест синовлари эса иштирокчиларнинг назарий тайёргарлигига холис баҳо берди.
Икки кун давом этган баҳслар якунида соҳанинг энг билимдон мутахассислари номи маълум бўлди. Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Тошкент шаҳридаги “Билим” ахборот-кутубхона маркази бош библиографи Шарифажон Матяқубова биринчи ўринга муносиб топилди. Иккинчи ўрин Ўзбекистон Миллий кутубхонаси вакили Хуснора Ашурметовага, учинчи ўрин эса бухоролик мутахассис Тахмина Луқмоновага насиб этди.
— Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган тажрибали ҳамкасблар билан бир майдонда беллашиш ҳам масъулиятли, ҳам ниҳоятда завқли бўлди, — дейди танлов ғолиби Шарифажон Матяқубова. — Тўғриси, бу ерда гап фақат биринчи ўринни эгаллашда эмас. Ҳар бир шарт, айниқса стартап лойиҳалар тақдимоти бизни бугунги кутубхоначи қандай бўлиши кераклиги ҳақида янада чуқурроқ ўйлашга ундади. Ҳамкасбларимнинг изланишларини кўриб, соҳамиз келажагига ишончим янада ортди. Бу ғалабани ёлғиз ўзимники деб билмайман. Бу мени ҳамиша қўллаб-қувватлаб, янги ғояларга илҳомлантириб келаётган “Билим” марказимиз аҳил жамоасининг ютуғидир.
Бугун ахборот-кутубхона муассасалари олдида шунчаки китоб фондини сақлаш эмас, балки замонавий ахборот маконида фаол ишлаш, электрон ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, айниқса ёшларни мутолаага қизиқтиришдек долзарб вазифалар турибди. Кутубхона жамиятнинг тирик маърифат марказига айланиши эса, аввало, унда меҳнат қилаётган фидойи ва изланувчан мутахассисларга боғлиқ.
Бухородаги “ИНФОЛИБ ЎЗБЕКИСТОН–2026” ҳафталиги ва унинг доирасидаги республика танлови шуни яна бир бор тасдиқлади. Соҳада янгича фикрлайдиган, касбини чин дилдан севадиган мутахассислар сафи кенгайиб бормоқда. Демак, мамлакатимизда китобхонлик маданияти ва замонавий кутубхоначиликнинг эртанги куни ишончли қўлларда.
Ҳафиза Каримова,
Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази директори, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори.
ЎзА