Мактаб партасида уйғонаётган орзулар юрт эртасини белгилайди
Бир пайтлар ота-оналар боласини яхшироқ ўқитиш учун репетитор излаб чопарди. Оддий мактабдан эса ҳужжат олса бас, деган ўй бўларди. Бугун бу қараш ўзгарган.
Мамлакатимизда таълимни давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айлантириш, ўқитувчи обрўсини кўтариш ва замонавий билим эшикларини очиш йўлида бошланган ислоҳотлар мактабларимиз ҳаётида бўй кўрсата бошлади.
Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 154-мактабда ана шу ўзгаришларнинг бир намунасини кўрасиз. Икки йил олдин капитал таъмирдан чиқарилган даргоҳ бугун замонавий жиҳозланган, ёруғ ва шинам.
Аммо мактаб директори Насиба Мирсаатованинг айтишича, деворлар янгилангани билан иш битмайди. Асосий гап шу шароит ичида болага қандай билим ва йўналиш беришда. Шу боис бу ерда битирувчиларни касбга тайёрлашга астойдил киришилган. Турли соҳа вакиллари билан учрашувлар, олий ўқув юртларига саёҳатлар орқали ёшлар ўз қизиқишини эрта англаб, келажаги учун аниқ мақсад қўймоқда.
Таълимдаги давлат дастурлари бу мактабда амалда самара беряпти. «Келажак учун хорижий тил» лойиҳаси асосида юқори синфларда инглиз тилидан қўшимча машғулотлар йўлга қўйилган. Хорижлик педагоглар эса маҳаллий устозлар билан ёнма-ён ишламоқда.
Энг муҳими, битирувчилар орасида миллий ва халқаро тил сертификати имтиҳонларини юқори баллга топшираётганлар кўп. Ушбу ўқув йилидан эса ихтисослаштирилган синфлар очилиб, аниқ ва табиий фанлар, инглиз тили, она тили ва адабиёт чуқурлаштириб ўқитила бошланди. Дарсдан сўнг болалар IT, дастурлаш ва робототехника машғулотларида билимларини чархлайди.
Албатта, ҳар қандай шароитга жон киритадиган асосий куч ўқитувчи саналади. Мактаб жамоасида олий ва биринчи тоифали, миллий ҳамда халқаро сертификатли устозлар жамланган. Улар бир-биридан тажриба ўрганиб, елкадош ишлайди.
– Ўқитувчиликнинг меҳнати оғир, аммо роҳати ҳамма касбникидан бошқача, – дейди география фани ўқитувчиси Дилдора Қайтарова. – Кўп йилдан бери мактабдаман, лекин ҳозиргидек имкониятларни аввал кўрмаганман. Болада интилиш бўлса бас, олимпиадаю танловларга йўл очиқ. Ўтган йили битирувчи синфим билан йил бўйи тер тўкдик. Аксарият ўқувчиларим тил ва фан сертификатларини олиб, юқори балл билан талаба бўлди. Устозга бундан ортиқ мукофот керакми?!

Ўша меҳнатнинг жонли меваларидан бири Нигина Рустамова саналади. У Тошкент давлат шарқшунослик университетининг Хорижий тил ва адабиёти йўналишига давлат гранти асосида ўқишга кирди.
– Грантга кирганимни эшитганда, энг аввало, мактабим ва устозларим кўз олдимга келди, – дейди Нигина. – Инглиз тилига қизиқишимни мактабдаги қўшимча дарслар янада кучайтирди. Устозларимиз вақтини аямай биз билан шуғулланди, энг асосийси, «сен эплайсан» деб ўзимизга ишонч берди. Бугунги ютуғимнинг ярмидан кўпи уларнинг меҳнатидир.

Эришилган натижа жамоани хотиржам қилгани йўқ. Мактабнинг эндиги марраси янада баланд. Битирувчиларнинг асосий қисмини олий таълимга олиб кириш. Бунинг учун ҳар бир ўқувчи билан алоҳида ишлаш, энг муҳими, касбга сидқидилдан ёндашиш зарур.
– Мамлакатимизда таълим тизимига катта эътибор қаратилмоқда, – дейди директор Насиба Мирсаатова. – Бу эътибор ва имкониятлардан самарали фойдаланишимиз керак. Ўқитувчи синфга виждон билан кирса, натижа албатта бўлади. Жамоамизнинг оддий қоидаси бор. Ҳамкасблар орасида соғлом рақобат ва самимиятни сақлашга, ўқувчини ўз фарзандимиздек кўришга ҳаракат қиламиз. Шу қадрият бизни бирлаштириб, янги натижаларга олиб чиқяпти. Зеро, мактаб партасида ҳалол, масъулиятли ва Ватанига садоқатли инсон улғаяди. Билим тарбия билан уйғунлашгандагина элга наф келтиради.
Давлат яратаётган имконият устознинг виждони ва боланинг иштиёқи билан туташган жойда мана шундай натижа бўлади. Кўзи ёниб турган юзлаб ўқувчилар бунинг ҳаётий исботи.
Достон Умаров, ЎзА мухбири