Беш ойда 5,4 миллионта янги карта муомалага чиқарилди
Ўзбекистонда нақдсиз тўловлар тизими жадал суръатларда ривожланмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 июнь ҳолатига мамлакатда муомаладаги банк карталари сони 73,7 миллионтага етган.
Бу йил бошига нисбатан 5,4 миллионтага кўп бўлиб, ҳар ой ўртача 1,1 миллионга яқин янги карта муомалага чиқарилаётганини англатади. Банк хизматларининг оммалашуви билан бир қаторда тўлов инфратузилмаси ҳам кенгайиб бормоқда. Жорий йилнинг дастлабки беш ойида банкомат ва инфокиосклар сони 6,4 мингтага ошиб, 46,5 мингтага етди. Тўлов терминаллари сони эса 15,1 мингтага кўпайиб, 445,9 мингтани ташкил қилди.
Шунингдек, 2026 йил январь–май ойларида тўлов терминаллари орқали амалга оширилган нақдсиз тўловлар ҳажми 256,8 триллион сўмдан ошди. Бу мамлакатда рақамли тўлов хизматларига бўлган талаб тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Сўнгги йилларда банк карталарининг оммалашуви, айниқса юқори суръатларда кечмоқда. Агар 2023 йил бошида мамлакатда 34,2 миллионта карта мавжуд бўлган бўлса, 2026 йил ўртасига келиб бу кўрсаткич икки баравардан ҳам зиёд ўсиб, 73 миллиондан ошди. Бу аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида рақамли молиявий хизматлардан фойдаланиш даражаси сезиларли ортганини кўрсатади.
Қайд этилишича, банк карталари, терминаллар ва банкоматлар сонининг мунтазам ўсиши аҳолининг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириб, нақдсиз ҳисоб-китоблар улушини оширишга хизмат қилмоқда. Бу эса иқтисодиётни рақамлаштириш, молиявий шаффофликни таъминлаш ва замонавий тўлов экотизимини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА