“BBC World News” телеканалида Ўзбекистон туризми тарғиб қилинади
Маданият ва туризм вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, жаҳоннинг етакчи телеканали “BBC World News” телеканалида бутун дунё сайёҳларининг катта аудиториясини ўзида жам қилган “The Travel Show” ҳафталик теледастури орқали Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган махсус кўрсатувлар тез орада эфирга узатилади.
Қайд этилишича, дунё бўйлаб 200 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудларда жами 450 миллиондан ортиқ аудитория кузатиб борувчи “BBC World News” билан Маданият ва туризм вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳага кўра, Ўзбекистонга бағишланган махсус 23 дақиқалик телекўрсатув оммага ҳавола этилиши режалаштирилган.
Шу кунларда “BBC World News” телеканали эфирларида реклама сифатида 2 ва 4 дақиқалик модуллар (Ўзбекистон ҳақидаги тўлиқ теледастурдан парчалар) намойиши бошланди.
Бундан ташқари телеканалнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали Ўзбекистон ҳақидаги “The Travel Show” дастурининг махсус сонининг ҳам тарғиботи амалга оширилмоқда.
“BBC World News” телеканалида Ўзбекистон ҳақида тўлиқ метражли 23 дақиқалик махсус кўрсатув премьерадан ташқари 4 ой давомида такроран 4 маротаба эфирга чиқиши белгиланган.
Шунингдек, мазкур телекомпания томонидан “Travel Show Uzbekistan Special” кўрсатуви ҳам тайёрланган бўлиб, кўрсатув давомида томошабинлар учун Ўзбекистон туризми бўйича маълумотлар тақдим этилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА