Байроқ тасвири туширилган белгилардан қайси ўринларда фойдаланиш мумкин ёки тақиқланган?
Бугун Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинганига 35 йил тўлди. Ушбу сана юртимизда кенг нишонланмоқда.
Турли тадбирлар, марафонлар, давра суҳбати ва учрашувларда Ватанимиз байроғининг мазмуни, миллий давлатчилик тарихимизда тутган ўрни, унинг яратилиш тарихи ҳақида юртдошларимизга кенг маълумотлар улашилмоқда.
Давлат байроғи ҳақида сўз борганда, ундан фойдаланиш бўйича қонунчиликда белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиш лозимлигини ҳам унутмаслигимиз лозим.
Хўш, қайси ўринларда ва ҳолларда Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан фойдаланиш мумкин ёки тақиқланган?
Бу борадаги нормалар «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонунда аниқ белгилаб қўйилган. Хусусан, ушбу қонуннинг 51-моддасида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилар мустаҳкамлаб қўйилган.
Унга кўра, Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилар Ўзбекистон Республикаси Фуқаро ҳаво кемалари давлат реестри ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳаво кемалари реестрига киритилган ҳаво кемаларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Авиация маъмурияти ҳисобида турувчи экспериментал ҳаво кемаларига, қонунчиликда белгиланган ҳолларда автомототранспорт воситалари ва улар тиркамаларининг давлат рўйхатидан ўтказиш рақам белгиларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг асосий чегара белгисига қўйилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида давлат органларининг рамзий белгилари ва уларнинг расмий веб-сайтларида, Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларининг асоси ёки элементи сифатида, шунингдек, ўқув-тарбия жараёнида байроқ тасвири туширилган белгилардан фойдаланилиши мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида расмий халқаро тадбирларда Ўзбекистон Республикаси вакили бўлган жисмоний ва юридик шахслар томонидан Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан фойдаланилиши мумкин.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига нисбатан ҳурматни таъминлаган ҳолда унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойларида, бинолар ва бошқа объектларда, яшаш ёки иш жойларида, шунингдек, уларга туташ бўлган ҳудудларда, транспорт воситаларининг салонида фойдаланилишига рухсат этилган.
Шунингдек, ҳарбий ёки бошқа давлат хизматида бўлган шахсларнинг кийим-бошида ва фарқловчи нишонларида, халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси чемпионатлари учун спорт кийим-бошини тайёрлашда Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан фойдаланилиши мумкин.
Қонуннинг 52-моддасида эса Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмаслиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Жумладан, Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас. Бундан Давлат байроғига нисбатан ҳурматни таъминлаган ҳолда унинг тасвири туширилган белгилардан устки кийим-бошни безатиш ёки Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида фойдаланиш мустасно.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига нисбатан ҳурматсиз муносабатда бўлишга йўл қўйилмайди. Жумладан, байроқ тасвири туширилган белгилардан йиртилган, ифлосланган, тешилган, ранги ўчган ҳолда ва бошқа номаъқул тарзда фойдаланишга, бирор-бир нарса учун устки ёпинғич сифатида фойдаланишга, столлар, ўриндиқлар, стулларга тўшашга ёки унинг тасвирини туширишга ва ундан қоплама сифатида фойдаланишга, шунингдек, уни ўтириладиган бошқа жойларга ёки оёқ остига тўшашга ёки унинг тасвирини туширишга йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, кийим-бош, дастрўмол ёки кўрпа-тўшак сифатида, буюмларни сақлаш ва ташиш учун фойдаланиш мумкин эмас.
Шунингдек, қонунда нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзий белгилари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмаслиги ҳам белгилаб қўйилган.
Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни сақлаш, унинг қадрсизланишига йўл қўймаслик, бу борада қонунчиликда белгиланган тартиб-қоидаларга сўзсиз амал қилиш давлатимиз рамзини асраб-авайлашда муҳим аҳамият касб этади. Давлатимиз байроғидан фойдаланиш билан боғлиқ тартибларни аҳоли, айниқса, ёш авлод вакилларига етказиш, уларнинг бу борадаги саводхонлигини ошириш ҳам муҳим вазифалардан биридир.
Муҳтарама Комилова, ЎзА