Одам савдосига қарши курашиш, меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда қандай натижаларга эришилди?
Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Сенат Раиси, Миллий комиссия раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида одам савдосига қарши курашиш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва муносиб меҳнат тамойилларини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси, ҳудудий комиссияларнинг ахборотлари эшитилди.

Меҳнат муносабатлари соҳасида миллий қонунчиликни Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг конвенциялари талабларига мувофиқлаштириш, ходимларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян натижаларга эришилгани қайд этилди. Жумладан, касаба уюшмалари ташкилотларини ташкил этиш тартибини енгиллаштириш, меҳнат соҳасида камситиш ва тазйиқнинг олдини олишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди. Фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, норасмий бандликни қисқартириш ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди.
Одам савдосига қарши курашиш йўналишида қонунчиликни такомиллаштириш, жабрланган шахсларни ҳимоя қилиш ва уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш механизмларини кучайтиришга қаратилган бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
Айрим йўналишларда сақланиб қолаётган масалалар алоҳида таҳлил қилинди. Хусусан, таълим муассасаларида меҳнат қонунчилиги бузилиши, ишлаб чиқаришда меҳнат хавфсизлиги талабларига риоя этмаслик ҳолатлари кўриб чиқилди. Ипакчилик тармоғида меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, соҳада банд бўлган шахсларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ишлар таҳлил қилинди.
[gallery-32576]
Рақамли технологиялар ва Интернет платформаларидан фойдаланган ҳолда фуқароларни сохта иш таклифлари орқали алдаш, уларни одам савдосига ёллаш, меҳнат ва бошқа шаклларда эксплуатация қилиш, шунингдек, турли жиноий ҳаракатларга жалб этиш ҳолатлари янги хавф-хатарларни юзага келтираётгани қайд этилди. Шу боис одам савдосининг олдини олиш борасида замонавий ёндашувлардан кенг фойдаланиш, тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Мажлисда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган ХМТ конвенциялари талабларидан келиб чиқиб, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро конвенциялар нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси лойиҳалари кўриб чиқилди. Ушбу ҳужжатлар ижросини таъминлашда Сенат қўмиталари иштирокини кучайтириш, ҳар бир конвенция бўйича алоҳида ишчи гуруҳ ташкил этиш, миллий қонунчиликдаги бўшлиқ ва номувофиқликларни аниқлаш ҳамда тегишли қонунчилик таклифларини ишлаб чиқиш белгиланди.
Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, вазирлик ва идоралар, ҳудудий комиссиялар зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.
Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА