Зўравонликдан жабрланган болаларга психологик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш зарур
Мамлакатимизда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш, зўравонлик хавфи остидаги болаларни эрта аниқлаш ҳамда жабрланган болалар ва уларнинг оилаларига ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
“Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда болаларни жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонликдан ҳамда ғамхўрлик кўрсатмасликдан, эксплуатация қилишдан ва таъқиб этишдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари белгиланган.
Шунингдек, 2026-2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси ҳам қабул қилиниб, унда ҳам зўравонликдан жабрланган, зўравонлик хавфи остида бўлган ва ижтимоий хавфли аҳволда қолган болалар учун профессионал тутинган оила институтини жорий этиш, ушбу йўналишда мутахассисларни тайёрлаш, Болаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий интеграция маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш бўйича муҳим вазифалар ўрин олган.
Шунингдек, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида “меҳрли оила” хизматини йўлга қўйиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг ота-оналарини мазкур хизматларга жалб қилиш ҳамда оилавий муносабатларни тиклашга қаратилган бепул терапия хизматларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш учун қулай ва тушунарли механизмларни жорий этиш, кеча-ю кундуз ишлайдиган “ишонч телефони” хизматини йўлга қўйиш ҳамда зўравонликдан жабрланган болаларга психологик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш зарур.
Шу каби масалалардан келиб чиқиб, парламент қуйи палатаси томонидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорига парламент сўрови юборилди. Сўровда зўравонликдан жабр кўрган болалар учун профессионал тутинган оила институтини жорий этиш, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида “меҳрли оила” хизматини ташкил этиш, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш лозимлиги назарда тутилган.
М.Комилова,
ЎзА