Барқарор таъминот ва амалий чора
Куз-қиш мавсуми яқинлашар экан, аҳоли учун энг муҳим масалалардан бири — хонадонларни электр энергияси ва суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш. Сирдарё вилоятида бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Мавсумга тайёргарлик қай даражада? Аҳоли мурожаатлари қандай ҳал этилмоқда?
Бу масалалар Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги «Депутатлик жамоатчилик эшитуви»да атрофлича муҳокама қилинди.
«Халқ билан бирга» умуммиллий дастури доирасида ўтказилган эшитувда газ ва электр таъминоти ташкилотларининг мавсумга тайёргарлиги, тармоқларнинг техник ҳолати, зарур захираларни шакллантириш ҳамда аҳоли мурожаатларини кўриб чиқиш самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда «Hududgaz Sirdaryo» газ таъминоти филиали орқали вилоятнинг 9 та туман ва шаҳридаги 119 та маҳаллада 72,5 мингдан ортиқ истеъмолчи суюлтирилган газ билан таъминланмоқда. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида аҳолига 8 448,6 тонна газ етказиб берилган. Куз-қиш мавсумида эса яна 7 220,2 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган.
Қишга тайёргарлик фақат захира тўплаш билан чекланмаган. Газ тармоқлари ва газ тақсимлаш пунктларида таъмирлаш ишлари бажарилиб, зарур техника воситалари, газ баллонлари ҳамда авариявий материаллар захираси шакллантирилган.
Электр таъминотидаги ҳолат ҳам депутатлар томонидан таҳлил қилинди. Айни пайтда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Сирдарё ҳудудий филиали тасарруфида 7 869,8 километр электр тармоғи ва 3 356 та трансформатор пункти мавжуд бўлиб, улар орқали 214 мингдан ортиқ истеъмолчи электр энергияси билан таъминланмоқда.
2026 йилда 6 338 та темир-бетон устун ўрнатилиб, 230,3 километр электр тармоғи тортилди. Мавсумга тайёргарлик доирасида 996,2 километр тармоқ ва 367 та трансформатор пункти мукаммал таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, 1 775 километр тармоқ ҳамда 782 та трансформатор пунктида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Рақамлар эса яна бир муҳим жиҳатни кўрсатмоқда. Жорий йилнинг 9 ойида электр таъминоти бўйича 1 118 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 97,8 фоизи ижобий ҳал этилган. Кўрилган чоралар натижасида мурожаатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22 фоизга камайган.
— Депутатлар учун бу рақамлар шунчаки статистика эмас. Ҳар бир мурожаат ортида хонадон, оила ва кундалик эҳтиёжлар турибди. Шу боис эшитувда масъул ташкилотларга аҳоли мурожаатларини чуқур ўрганиш, муаммоларни кечиктирмасдан бартараф этиш ва мавсум давомида хизматлар узлуксизлигини таъминлаш бўйича аниқ тавсиялар берилди, — дейди партиянинг Сирдарё вилояти Кенгаши аппарат раҳбари Шоҳиста Бозорбоева.

Айниқса, электр ва газ тармоқларида авариявий ҳолатларнинг олдини олиш, зарур техника ва материаллар захирасини етарли даражада шакллантириш, таъминотдаги узилишларга тезкор муносабат билдириш масалалари депутатлик назоратининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Зеро, қишнинг қандай ўтиши кўп жиҳатдан бугун кўрилаётган чораларга боғлиқ. Тармоқларни таъмирлаш, зарур захираларни шакллантириш ва эҳтимолий муаммоларни олдиндан аниқлаш — барқарор таъминотнинг муҳим шартлари.
Сирдарёдаги депутатлик эшитуви эса ана шу вазифалар ижросини назорат қилиш билан бирга, аҳоли учун долзарб бўлган масалаларга амалий ечим топиш, мавсумни барқарор ўтказиш ва хизматлар сифатини янада оширишга қаратилган муҳим мулоқот майдони бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири