Барқарор ўрмон ландшафтлари тикланади
Президентимизнинг 2024 йил 27 мартдаги “Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Термиз шаҳрида “Ўрмон ҳудудларида ўтказилган экологик таснифлаш натижалари: ўрмон хўжаликларида инновациялар ва замонавий ёндашувларни жорий этишнинг амалий тавсиялари” мавзуига бағишланган семинар-тренинг машғулотлари бўлиб ўтди.
Семинарнинг очилишида Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги директори Э. Мухитдинов, “Яшиллойиҳа” давлат муассасаси лойиҳалаш институти директори О. Ҳақимов, Жаҳон банкининг LAOG (манфаатдор томонларни жалб этиш режаси) раҳбари Ш. Тожибоев ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда сўнгги йилларда яшил бойликларни ошириш, замонавий инновацион ёндашувларни жорий этиш, ўрмон хўжалигини ривожлантириш ҳамда экологик мувозанатни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш борасида ўз ижобий натижасини бераётгани қайд этилди.
[gallery-29381]
Ҳозирги кунда табиий ресурсларга босимнинг ортиб бориши, иқлим ўзгариши оқибатлари, тупроқ, шамол ва сув эрозияси, яйловлар деградацияси ҳамда сув ресурсларининг камайиб бораётгани ўрмон хўжалиги соҳасида илмий асосланган, замонавий ва барқарор ёндашувларни жорий этиш заруратини кучайтирмоқда.
Шу муносабат билан соҳа мутахассислари, маҳаллий аҳоли ва бенефициарларни замонавий билим ва кўникмалар, шунингдек, инновацион ечимлар билан таништириш устувор вазифалардан бирига айланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 27 мартдаги “Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида “Ўзбекистонда барқарор ўрмон ландшафтларини тиклаш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун Ўрмон агентлиги ва “Яшиллойиҳа” лойиҳалаш институти ўртасида тузилган шартнома асосида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Шунга кўра, мамлакатимизнинг олтита вилоятидаги 250 минг гектар ер майдонини экологик таснифлаш натижалари, ўрмон хўжаликларининг бошқарув режаларини илмий асосда таҳлил қилиш ҳамда ўрмон ландшафтларини тиклаш истиқболларини баҳолашнинг РОАМ (қайта тиклаш имкониятларини баҳолаш методологияси) бўйича замонавий ёндашувларни кенг жамоатчиликка етказиш учун семинар-тренинг ўтказилмоқда.
Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган тадбирда иштирокчиларга соҳа мутахассислари ва олимлар, экспертлар экологик таснифлашнинг мазмун-моҳияти, ҳудудларни экотизим сифатида комплекс баҳолаш усуллари, қарор қабул қилиш жараёнларида экологик, ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш тамойиллари ҳақида атрофлича маълумот берди.
Машғулотлар чоғида назарий билимларни амалий жиҳатдан мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, яйловлар ҳолатини дастлабки баҳолаш, деградацияга учраган майдонларни қайта тиклаш, дала ишларини ташкил этиш, маълумот тўплаш ва таҳлил қилиш, ҳудудларнинг реал ҳолатини аниқлаш каби долзарб масалалар юзасидан атрофлича маълумот берилиб, уларнинг кўникма ва билимлари оширилди.
Семинар-тренинг доирасида табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва тиклашга бағишланган йўналишда сувни тежовчи технологиялар, тоғли ҳудудларда тупроқ эрозиясига қарши курашиш чоралари ҳамда ўрмон экотизимларини барқарор сақлаш механизмлари муҳокама этилди. Ушбу ёндашувлар иштирокчиларга мавжуд муаммолар моҳиятини чуқур англаш ва уларни ҳал этишга қаратилган самарали ечимлар билан яқиндан танишиш имконини яратди.
Машғулотларда агроўрмончиликни жорий этиш орқали ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорлик ва иқтисодий самарадорлик ўртасида мувозанатни таъминлаш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, ўрмон ва қишлоқ хўжалигини интеграциялашган ҳолда ривожлантириш, маҳсулот турларини кенгайтириш, ички ва ташқи бозорларга чиқиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш имкониятлари таҳлил этилди. Саноатбоп ўрмонзорлар ва доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш, табиий тикланиш жараёнларини қўллаб-қувватлаш бўйича фикр алмашилди.
Тингловчиларнинг билим ва кўникмаларини ошириш экологик ҳамда иқтисодий жиҳатдан самарали лойиҳаларни ишлаб чиқишга хизмат қилади. Бу эса тоғли ва шароити оғир ҳудудларда ишбоп ёғоч ҳамда ўтин маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондириш, доривор ўсимликлар етиштириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш имконини беради. Натижада ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига ҳисса қўшилади.
Семинар-тренинг давомида иштирокчилар томонидан билдирилган савол ва таклифларга жавоб қайтарилди, истиқболли ташаббуслар илгари сурилди. Тавсиялар келгусида ўрмон хўжаликларида экологик таснифлаш натижаларини амалиётга татбиқ этиш, инновацион ёндашувлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Лойиҳа доирасида белгиланган вазифалар ижроси таъминланиб, соҳа мутахассисларининг салоҳияти янада мустаҳкамланади.
Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат)
ЎзА мухбирлари