Бандлик ва тадбиркорлик ярмаркаси ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантиришга бағишланган йирик меҳнат ва тадбиркорлик ярмаркаси ташкил этилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев иштирок этиб, аҳоли, шу жумладан ёшлар бандлигини таъминлашда мазкур тадбирнинг аҳамиятига тўхталди.
Таъкидланганидек, Президентимиз раҳбарлигида юртимизда аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромадларини оширишга, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга, янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан фақат Қорақалпоғистон учун қабул қилинган фармон ва қарорлар бу борадаги чора-тадбирларга мустаҳкам асос бўлмоқда. Ана шу асосда тадбиркорликни уй шароитида ривожлантириш мақсадида ҳар бир оилага тақдим этилаётган имтиёзлар уларга янги имкониятлар эшигини очмоқда.
[gallery-30058]
Хусусан, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Шунингдек, оғир ҳудудга киритилган Бўзатов, Қонликўл, Мўйноқ ва Шуманай туманларида, шу билан бирга, 102 та оғир тоифадаги маҳаллада ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишни хоҳловчи фуқароларга 12 фоизлик имтиёзли кредит берилмоқда.
Қолаверса, жорий йилда жойларда драйвер лойиҳаларни амалга ошириш учун 76,7 миллиард сўмлик инфратузилма қурилиб, шароитлар яратилмоқда, Бундан ташқари, маҳаллаларда хонадонма-хонадон хатлов натижасида аниқланган ёшларга ўзини ўзи банд қилиш ва ўз бизнесини йўлга қўйиш учун зарур асбоб-ускуналар топширилмоқда.
Ярмарканинг асосий мақсади ишсиз фуқароларни мутахассислигига мос доимий иш ўринлари билан таъминлаш, иш берувчи корхона-ташкилотлар билан иш қидираётган фуқаролар ўртасида тўғридан-тўғри, очиқ-ошкора алоқа ўрнатиш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлган фуқароларга кўмаклашишдан иборатдир.
Шунингдек, ишсиз фуқароларга, шу жумладан ёшларга ўзини ўзи банд қилиш ва ўз бизнесини йўлга қўйиш учун 500 дан ортиқ зарур асбоб-ускуна, қолаверса, тижорат банклари томонидан уй шароитида бизнес бошлаш учун имтиёзли кредит пакетлари тақдим этилди.
Тадбирга ташриф буюрган ёшлар ўз бизнесини бошлаш учун зарур бўлган замонавий асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларининг имкониятлари билан яқиндан танишишди. Шунингдек, махсус павильонда ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган фуқароларга тижорат банклари вакиллари томонидан имтиёзли кредитлар ва давлат субсидияларини олиш тартиби бўйича маълумот берилди.
Шу билан бирга, бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси орқали иштирокчиларга меҳнат бозоридаги мавжуд бўш иш ўринлари тақдим этилиб, таълим муассасалари битирувчиларининг маҳаллий корхоналарда бандлигини таъминлаш ва хорижда қонуний меҳнат фаолиятини ташкил этиш имкониятлари бўйича соҳа мутахассисларидан зарур таклиф ва маслаҳатлар олинди.
– Меҳнат ярмаркасида шаҳар ва туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари билан биргаликда 338 та корхона ва ташкилот ўзларидаги 1 минг 672 та бўш иш ўрни билан иштирок этишди. Тадбирда 407 нафар ишсиз фуқаронинг иштироки таъминланиб, улардан 161 нафари доимий ишга жойлашиш учун йўлланма олишди. Шунингдек, 43 нафари касб-ҳунарга ўқишга юборилди ва 203 нафарига ҳуқуқий маслаҳат берилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Меҳнат бозори таҳлили, бўш иш ўринларини ҳисобини юритиш ва ишга жойлаштириш шуъба мудири Kарим Cодиқов.
Ярмарка доирасида ёшларнинг илмий ва инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Бўлажак олим” илмий ғоялар танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Т. Худойбергенов иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари