Балиқчи тумани ҳокими Президентдан, туман аҳолисидан кечирим сўради
2019 йилда туманда жами 403 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.
Президентимизнинг 2020 йил 1 майдаги «Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида» қарори ижроси натижалари таҳлилига кўра, Балиқчи тумани ижтимоий-иқтисодий ривожланиши «Қониқарсиз» деб баҳоланиб, «қизил» ҳудудга киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Ғайрат Бозоров, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил девони масъул ходими Муроджон Хошимов, Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари - вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Ботиржон Ҳамроев, шунингдек, туман кенгаши депутатлари, сектор раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот вакиллари иштирокида ўтказилган Халқ депутатлари Балиқчи тумани кенгашининг бўлиб ўтган сессиясида туманни «қизил» ҳудуддан чиқариш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларини яхшилаш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди.
Сессияда дастлаб туман ҳокими Жасурбек Абдурайимов сўз олиб, туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари, шу жумладан, пасайишига олиб келган хато ва йўл қўйилган камчиликлар ҳақида гапириб, туманнинг бундай ҳолатга тушиб қолгани учун Президентимиз ҳамда туман аҳолисидан кечирим сўради.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш, экспортни кенгайтириш бўйича ишлар қониқарли даражада ташкил этилмаганлиги сабаблари хусусида гапирди.
2019 йилда туманда жами 403 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бу вилоятдаги жами саноат маҳсулотларининг атиги 1,2 фоизни ташкил этди.
Ушбу кўрсаткич вилоятнинг бошқа ҳудудларига нисбатан жуда паст кўрсатгич ҳисобланади. Юқоридагиларни инобатга олиб, туманда йил якунига қадар саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қаратилган умумий қиймати 373,7 миллиард сўмга тенг 59 янги лойиҳаларни ишга тушириш белгиланган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 103,4 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Шунингдек, тумандаги 8 та саноат корхонани экспорт фаолиятига жалб этиш эвазига йил якунига қадар 47 миллион 416 минг доллар миқдордаги маҳсулот экспорт қилиниши кўзда тутилган.
2020-2021 йилларда туманда пиллани қайта ишлаш, қурилиш материаллари ва истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, замонавий иссиқхоналар қуриш, сут етиштириш ва қайта ишлаш, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантиришга йўналтирилган янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига туманни «қизил» ҳудуддан чиқариш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.
Сессияда 2-, 3- ва 4-секторлар раҳбарларининг ҳам ахборотлари тингланиб, атрофлича муҳокама қилинди. Секторлар раҳбарлари ҳамкорликда иш олиб бориб, қайд этилган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этишни ўз зиммаларига олишди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева сўз олиб, туманни «қизил ҳудуд»дан чиқариш бўйича сектор раҳбарлари томонидан тайёрланган «Йўл харита» ҳамда ҳисоботлар ўз эътирозларини билдирди. Яъни, кўзда тутилган ишларнинг амалга ошириш бўйича аниқ муддат ва режалар белгиланмаганлиги, ҳисоботлар умумий гаплардан иборат бўлганлигини таъкидлади.
Туманни йил якунига қадар «сариқ» ҳудудга, кейинги йил давомида «яшил» ҳудудга ўтказиш юзасидан тайёрланган «Йўл харита»сини яна бир бор кўриб чиқиш, сессияда айтилган таклиф ва мулоҳазаларни қўшган ҳолда қайта ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берди.
Сессия ишидан сўнг Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ва сектор раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

