Адлия органларининг шўъба раҳбарлари малакаси оширилди
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида ҳудудий адлия органларининг Режалаштириш ва назорат-таҳлил шўъбалари раҳбарлари учун ўқув семинар бўлиб ўтди.
Давлат бошқаруви шиддат билан рақамлашаётган бугунги даврда ҳар қандай ислоҳотнинг муваффақияти унинг жойлардаги ижро сифатига бевосита боғлиқ. Айниқса, аҳолининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминловчи адлия органларида иш юритиш усулларини эскича қолиплардан халос этиш, тизимли таҳлил ва аниқ натижадорликка (KPI) асосланган бошқарув моделига ўтиш давр талабига айланди.

Семинар давомида илгари сурилган янгича ёндашувлар, ижро интизомини мустаҳкамлашнинг назарий ва амалий ечимлари ҳамда ҳудудларда иш самарадорлигини оширишнинг устувор йўналишлари хусусида сўз юритилди.
Тизим фаолиятини самарали режалаштириш, белгиланган вазифалар ижросини назорат қилиш, амалга оширилаётган ишларни таҳлилий баҳолаш ҳамда фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган масалалар юзасидан амалий машғулотлар ўтказилди.

Шунингдек, иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиб, иш жараёнида учраётган масалалар юзасидан фикр ва таклифларини билдирди.
Қайд этилганидек, семинар якунида олинган билим ва амалий кўникмалар ҳудудий адлия органлари фаолиятини янада самарали ташкил этиш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда натижадорликни оширишга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА