Бадиий санъат – мукаммалликка элтувчи куч
Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги Алишер Мирзо билан суҳбат
Маълумки, тасвирий санъат қадрият, эзгулик, олийжаноблик, дўстлик, ҳамжиҳатлик, маънавий етуклик каби умуминсоний ғояларни тарғиб этади. Айни пайтда бугун Ўзбекистон Бадиий Академияси аъзолари орасида маданиятимизнинг ардоқли намояндалари бўлган устоз рассомлар талайгина. Ўзбекистон халқ рассоми, Россия Бадиий Академиясининг фахрий академиги Алишер Мирзаев ҳам шулар жумласидандир. Бугунги суҳбатимиз оламни ранглар ва образлар орқали тасаввур қилувчи рассом ва адиб билан.
– Биламизки, санъат, эстетика, тарбия, маънавият, адабиёт, табиат, мусиқа, маданият, умуман, барча фанлар билан боғлиқ. Сизнингча, санъат ўзи нима?
– Санъат, хусусан, тасвирий санъат одамзодни мукаммалликка етакловчи гўзалликдир. Шеърият сўз, мусиқа, оҳанг орқали юракларга нафосат, самимият туйғуларини сингдирса, тасвирий санъат бу вазифани рангтасвир воситасида адо этади. Чинакам тасвирий санъат асарида табиатнинг гўзал шакллари, инсон қалбининг эҳтиросли кечинмалари ва муносабатда ётган ўзига хос гўзалликлар ифодаланади. Кўчириш борлиқни тўғридан-тўғри тасвирлаш том маънодаги чинакам санъат эмас. Буни фото санъати, деса тўғри бўлади.
Санъат – бу гўзаллик. Гўзаллик эса тафаккурни бойитади, жунбишга келтиради. Санъатсиз ҳаёт – ваҳшийлик дейилишининг сабаби ҳам шунда. Нафснинг қулига айланиш, куним ўтди шукрона билдираман қабилида яшаш жуда ҳам нотўғри. Менинг назаримда, мусиқанинг сеҳрли ноталарисиз яшаб бўларканми? Санъат одамзод руҳиятини камолга етказишда бебаҳо аҳамиятга эга бўлган сеҳрли уммон. Бу уммон қудратини ҳис қилмоқ учун кишида худо берган иқтидор баробарида чуқур илм ва ижодий салоҳият бўлмоғи лозим. Санъат – бу Пикассо, санъат – Ахмаров, санъат – Жалолов...

– Оилангизда рассомлар бўлганми?
– Оиламизда рассом бўлган эмас. Аммо тоғам чинни заводида рассом бўлиб ишлаганлар. Соҳага қизиқишимда тоғамнинг таъсири бўлган бўлиши керак. Чунки болалигимда тоғамнинг чинни буюмларга чизган расмларини, чизмаларини кўрганимда ичимда ҳавас уйғонган. Шу қизиқишим Николай Островский номли пионерлар саройига етаклаган. Ўшанда 4 синфда ўқир эдим. Пионерлар саройига кичкина этикчамни кийволиб, “Спартак” стадиони ёнидан тепаликка кўтарилиб ҳозирги Қодирий боғини айланиб борардим. Биринчи расмларни Пушкин эртаклари таъсирида чизганман. Ўқитувчим Лариса Винечеслова кўриб ҳайратланган. Қора қоғоз қўйиб кўчирдингми, деганлар ўқитувчим ишонмай. Умуман, рассом бўлишимда шу тўгаракнинг ўрни, домлаларимнинг ўгити ва дўстларим Жавлон Умарбеков, Баҳодир Жалоловларнинг ўрни катта бўлган.
– Қайси рассомларни ўзингизга устоз деб билгансиз?
Билим юртида В.Г.Перов деган машҳур рассом бўларди. Мен бу инсондан жуда кўп нарсаларни ўргандим. Кейин Москвага бориб таниқли рассомлардан сабоқ олдим. Академик рассомлар билан ота-ўғил тутиндим. Шундай азизлардан бири Дмитрий Дмитриевич Жилинский эди. У киши умрининг охиригача ишларимни кузатиб, баҳолаб турди. Дмитрий Дмитриевич бир куни менга Даниянинг пойтахти Копенгагендан қўнғироқ қилиб қолди. Домла Маргарит II нинг портретини чизаётган эканлар. “Сени табриклайман, деди кутилмаганда устоз. Кеча Россия Академиясининг фахрий академиги бўлиб сайландинг.” “Қайси кароматим учун?”, дедим ишонгим келмай. Ўтган йили Москвада жуда катта кўргазма қилдинг. Кўргазма ҳаммада катта таассурот қолдирди. Бу ёғини айтсам, икки кундан кейин ёнингда бўламан. Қироличанинг суратини чала қолдириб Тошкентга етиб келдилар. Шундай меҳрли одамлар бор-да дунёда. Устозим Тошкентда келганларида Самарқандга бордик. Ҳаётимдаги энг гўзал кунлар бўлди. Домламиз рус рангтасвир санъати устаси бўлибгина қолмай, камтарлиги, гўзал фазилатлари ҳамда зиёли инсонлиги билан ҳам ибратли зот эди. Агар ҳозир менга қандай инсонларга тақлид қилишни хоҳлайсан, десангиз мен ҳақиқий зиёли санъаткорга, деган бўлардим. Мен покиза, идрокли, тафаккурли, қалби гўзал инсонларни қадрлайман.
– Сир эмас, бугунги глобаллашув жараёнида ҳар бир халқ, ҳар бир миллат ўз урф-одатларини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Сизнинг асарларингизда кўпроқ миллий руҳда ишланган тарихий шахслар, уларнинг ҳаёти акс этади, бунга нима туртки бўлган?
– Аввало шуни таъкидлагим келадики, мен жуда бахтли одамман. Бахтим шуки, Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган Каллахона маҳалласи деб аталувчи энг қадимги манзилда туғилганман. Мен Маъмуржон Узоқов яшаган маҳаллада ўсиб улғайдим. Ҳар куни уларнинг мусиқасини эшитиб, фарзандлари билан дўстлашиб яшадим. Қулоғимга қуйилиб қолган уларнинг миллийликка йўғрилган куй-қўшиқлари. Ёзувчи сифатида шаклланишим, романлар ёзишимда ҳам катта туртки берди. Кейинчалик улардан эшитганларим, уларнинг ўзаро қилган самимий ҳазил гаплари, аскиялари. Ёнимиздаги Чорсу бозорида эса туну-кун ҳар хил овозлар, тортишувлар эшитилиб турарди. Биз болаликда ўйнайдиган жойлар бозор майдончаси эди. Водийдан келган ҳофизлар аския қилганларида ҳамма эриб кетарди. Ҳофизларнинг юракдан чиққан хиргойилари ҳалигача қулоғимдан кетмайди.
Яна бир нарса ҳеч эсимдан чиқмайди. Янги уйланган пайтлар. Кўчадан келаман. Уйга киришим билан қўшнимизникида ҳам, уйда ҳам мусиқа товуши эшитилиб туради. Маъмуржон аканинг пластикада ёзилган қўшиқларини ҳозир ҳам эшитаман. Тугаса, яна бошқатдан қўяман. Аслида санъат дегани шу. Шундай қўшиқлар шахсни тарбиялайди. Қалбга миллийликни сингдиради. Гарчанд мен мактабни рус тилида битирган бўлсам ҳам миллий урф-одатларга, анъаналарга жуда жиддий эътибор бераман. Болаликда чизган энг оддий суратларимда ҳам шу сезилади. Ҳамма асарларимда, романларимда ҳам шу нарса устун. Таниқли адиб, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров бир куни сизда ҳайрат ва миллийлик кучли, ёзувчи сифатида энг зўр ютуғингиз тилингиздаги миллийликдир, дедилар.
– Бу ҳам сизнинг Ватанингизга бўлган меҳрдан далолат беради, шундай эмасми?
– Ватан – бу жуда улуғ тушунча. Ватан деганда гоҳида талабалик пайтларим эсга тушади. У пайтларда пахта теримига икки-уч ойлаб кетиб, уйни соғиниб келардик. Ҳар гал совуқда титраб-қақшаб, автобусдан тушиб, кўрпа-тўшагимни орқамга осилтириб Каллахонага яқинлашганимда уйимга- Ватанимга кириб келяпман, деган қувончдан семириб кетаётгандек бўлардим. Жува бозоридан ўтиб, юқорига чиқаману уйимга-Ватанимга кираман, деб суюнардим. Кўпинча Маъмуржон Узоқовнинг эшиги ёнидан ўтаётганимда, “Ёлғиз” деган қўшиқни айтаётган ҳофизнинг овозини эшитиб, тўхтаб қолардим. Кўзим ёшга тўларди, кўзёшимни кўрса онам хавотир олмасин, деб ёшимни енгимга артиб, уйга кирардим. Буларнинг ҳаммаси Ватанни соғинчи эди. Ватан кўринишлари гоҳо қўшиқда, гоҳо шеърда, гоҳо айрилиқда, гоҳо расмда ифодаланади.
– Бугун замон бошқача, болаларимиз тил ўрганиши учун қулай шароитлар яратилган. Баъзилар фарзандларини инглиз тили ёки рус тили мактабларига берса, ўзлигимиздан узоқлашиб кетади деб уйлашади. Бу борада сизнинг фикрингиз?
– Аслида ундай эмас, бу тарбияга, муҳитга боғлиқ. Масалан, мен ҳали айтганимдай мактабда ҳам, институтда ҳам русча ўқиганман. Жеймс Жойс, Франц Кафка, Жек Лондондан, Эрнест Хемингуэйу, Феодор Достоевскийгача ўқиганман. Абдулла Қодирий, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмадларнинг китобларини ёд олганман. Мактаб кутубхонасида мен ўқимаган китоб қолмаган. Охир-оқибат кутубхоначи менга китоб топиб беролмай қолди. Ҳадеб сенга беравераманми, сендан бошқа каллахоналикларга ҳам китоб етсинда дерди ҳазиллашиб кутубхоначи опамиз. Шундан сўнг бир маҳалладошимиз уйида кутубхона очди. Кутубхонада Обид Жалиловнинг қизлари ишлар эди. Ўғиллари, оператор Нозимжон телевиденияда ишларди. Уларнниг оналари мени ҳам ўғил қилиб олган эди. Мунтазам китоб олаверганимдан кейин Эски Турон кутубхонасидаги аёллар ҳам мени бу бизнинг ўғлимиз, дейишарди. Мен ўша пайтда тасвирий санъатга оид китобларни ҳам қолдирмай ўқидим. Асарлар орқали альбомлар, бадиий адабиётлар, машҳур ёзувчи-рассомлар билан танишдим. Москвада ҳам катта кутубхоналарга аъзо бўлдим. Демоқчиманки, “Яхши ўқиш келажак пойдевори, мустаҳкам замин китоб ўқишдан бошланади” ҳамма ёшлигидан китоб ўқишга меҳр қўйиши керак. Ҳамма фанни чуқур ўрганмоқ зарур. Мактабни битирган йигит-қизлар зиёли сифатда бошқалар билан бемалол суҳбатлашмоғи керак. Дунёда бўлаётган ҳодисалар, ўпирилишларга баҳо берадиган киши зиёли инсон дейилади.
— “Икки доира” асарингиз кўпчиликка жуда ёқади. Шу асарнинг яралиши ҳақида гапириб берсангиз.
– Асарни шўро замонида Республика давлат санъат музейи харид қилиб олган. Ҳали ёш йигит эдим ўшанда. Аммо кейинги 35 йил ичида бирорта асарим сотиб олинмади. Ўзим бўлсам бир кун ҳам ижоддан тўхтаган эмасман. “Икки доира”нинг мазмуни қуйидагича: мен унда икки севишганнинг муҳаббатини шоирона тасвирлаганман. Мусиқа садолари уларни бирлаштиряпти. Бир кўргазмада белгиялик аёл шу асарни харид қилиб олган,
Белгияга олиб кетди, кейин фотосини жўнатди, катта залнинг марказида осиб қўйган экан. Бошқа асарларим ҳам чет элларнинг залларини безаб турибди. жумладан, Америка элчихонасида ҳам.
Демоқчи бўлганим, ўзимизнинг бойлигимиз четга чиқиб кетмаслиги керак. Бойлигимизни сақлаб қолмасак, кейин чапак чалиб ўтириш бефойда. Мана, Али Қушчининг, Камолиддин Беҳзоднинг асарларини қидириб юрибмиз. Кўксимизга урамиз биз Камолиддин Беҳзод авлодимиз, биздан шундай буюклар чиққан деб. Аслида эса уларнинг ҳамма асари чет элларга чиқиб кетган. Бу билан менинг асарларим бебаҳо, уларни асраб қолинглар, деб ўзимни улуғламоқчи эмасман. Худога шукр. Барча унвон, мартабалар берилган, раҳмат, бундан хурсанд бўламан. Лекин инсон фақат мартаба деб яшамайди. Бу гапнинг замирида тасвирий санъатни ёшлар қалбига чуқур сингдириш кераклиги ҳам бор. Авваллари Бадиий фонд қошида кўчма кўргазмалар бўларди. Жихозланган машинада асарлар вилоятларга олиб борилиб, кўргазмалар қилинарди, ёшлар кўрарди. Бадиий тарбия эди бу ҳам. Ҳозир дирекциянинг номи бор. У Тошкентнинг бир иккита залида кўргазма қилади. Лекин вилоятларда кўргазма ташкил қилинганини эшитмадим. Бадиий кўргазмалар дирекциясига, музейларга, фондларга асарни тўплаш, сотиб олиш анча сусайган. Ҳар бир рассомнинг ўзига хос даврлари бўлади. Ўсиш жараёни бўлади. Ижодкор одамнинг дунёқараши, тафаккури ҳам йил сайин ўзгаради. Санъатшуносларнинг овози ҳам анча пасайиб кетди, муҳокамалар жуда кам бўляпти. Яқинда Бадиий академия кўргазмалар залида 100 та асарим билан катта кўргазма қилдим. Кўпчилик табриклади. Аммо, табрикловчиларни боғлайдиган бир сўзи борки, гоҳида хафа бўлиб кетасан: чиройли ўтди, яхши чиқишлар бўлди, табриклайман, тамом. Шу гаплар билан кифояланади. Кўргазмага бориб нимани кўрдинг? Сенга қандай таъсир қилди? Кўргазмадан қайтиб келганимдан сўнг, асарларимни ёйиб, ўзим ўз асарларимга баҳо бериб, хафа бўлиб ўтирдим. Ҳар бир асар олдида тўхтаб, асарнинг моҳияти, унинг пластик ечими, рамзлар, ранглар мутаносиблиги хусусида ўзимга ўзим сўзладим афандига ўхшаб. Ишонмайсиз, ўзим яратган асарларнинг моҳиятини янгитдан очдим. Ҳар бир суратга чуқурроқ назар ташлаб, барча унсурларини тош-тарозига жойлаб ўйладим, ўқидим ва охир-оқибат руҳий қанот ҳосил қилдим.
Қаранг-да, 30-50 йиллик умримни, вужудимни шу нарсага сафарбар этсам, бировдан бир тийин сўрамасдан ижод билан шуғуллансам-у, биров бир нима демаса. На мутахассислар, на оддий томошабинлар, на бошқа тоифа инсонлар. Рассом – ижодкор, одам. У ҳам муносабат кутади. Чин санъаткор илиқ гап эшитса ёки Ван Гог каби музейда битта асарини кўрса ўзини бахтли хис қилади. Биласиз, Ван Гог жудаям қийинчиликда ҳаёт кечирган. Агар укаси Вио Гог акасининг битта асарини асраб, музейга сотмаганида эҳтимол, дунё шундай улуғ рассомдан бебаҳра қолар эди. Бу воқеа ҳам аслида катта сабоқ.
Энди яна бир воқеани айтиб берай. Бундан 35 йил олдин Абдулла Қодирийнинг юбилейи арафасида мен Қодирийни уйига бориб, адибнинг ўғли Ҳабибулло Қодирий билан ота-боладай бўлиб, икки йил давомида Абдулла Қодирий ижоди билан боғлиқ туркум асарлар яратдим. Ўша пайтда адибнинг уй-музейи очилади, дейишганди. Афсуски, очилмади. Абдулла Қодирийнинг ўзи қурган пешайвонли уй ремонт қилиб қўйилди, холос. 40-50 та асарнинг ҳаммасини сақлаб қўйдим. Вақт келади, ўзбекнинг даҳо адиби Қодирийга уй-музей очилади, дедим ичимда. Адашмабман.
Вақти соати келди. Президентимизнинг қарорлари асосида 2019 йил декабрь ойида ҳам иккита уй-музейи, ҳам мемориал музей очилди. Мемориал музейдаги асарларнинг 90 фоизи мен тишимнинг ковагида сақлаб келган асарларим эди. Маданият вазирлигидагилар ўша пайтда шу асарларингизни беринг, ҳисоб-китобини музей очилганидан кейин қиламиз, дейишди. Икки қўллаб топширдим. Музей очилишига, Президентимиз келади албатта, сизни таклиф қиламиз, дейишди. Кутдим ўтиб кетганидан кейин музей очилишини телевизорда кўриб қолдим. Албатта, мен йўқ. Мени чақиришмади ҳам. Мана сизга санъаткорга бўлган ҳурмат. Бир йил ўтди, камтарлик билан индамадим. Икки йил ўтди. Маданият вазирлигида ўзгаришлар бўлди. Кутдим. Уят бўлсаям икки-уч марта вазирликка мурожаат қилдим. Натижа йўқ. Яхши ҳам матбуот бор экан, ёрдам берди. “Ишонч” газетасининг бош муҳаррири Ҳусан Эрматов ижодим билан таниш экан. Газетасида жиддий бир мақола эълон қилди. Мақола чиққан куниёқ менга қўнғироқ бўлди. 35 йил ичида бўладиган воқеа содир бўлди. Аммо ҳозир ҳам устахонамда 300-400 та асарим бор. Иймоним комил, бошқа касбдошларимнинг устахоналарида ҳам ана шундай асарлар бор.
– Баъзилар сунъий интелект ривожланса, рассомларга иш қолмайди, дейишади. Сизнинг фикрингиз қандай?
– Эътибор берган бўлсангиз мен боя табиатдан тўғридан-тўғри кўчириш бу санъат эмас, деган гапни айтдим. Бу жуда жиддий гап. Чизилган ҳар суратни тасвирий санъат асари деб бўлмайди. Сунъий интеллект ҳам тўғридан тўғри борлиқни ифода этиши мумкин. Қанақадир программага солинса, бўрттириб кўрсатади ҳам. Лекин у ижодкор қалбида садо бераётган оҳанглари икки дунёда ифодалай олмайди. Мен устоз Чингиз Ахмаров ишлаётганида, қўллари титраётганини кўрганман. Титраганда томирида оқаётган қоннинг титроғи ҳам сезилиб турарди. Рассомнинг сезгисини ҳеч ким ўхшатиб беролмайди. Айнан кўчириб бериши мумкин. Аммо, юрак гупиллаши ва қўлдаги қон қалтирашини ҳеч қандай техника ифода этолмайди. Такрор айтаман, айнан кўчириб бериш мумкиндир фотога ўхшаб. Лекин қалб кўрини ифода этолмайди. Тасвирий санъатда ижодкорнинг қалб туғёнлари худди ғижжак оҳангидек ноёб чизгилар акс этиб туриши керак. Буни англаш учун эса инсон сезгилари тарбияланган бўлмоғи лозим, албатта. Тасвирий санъатда кўчириш одамни калака қилишдир. Калака бўлмаслик учун инсон чин ва кўчирма асар ўртасидаги фарқни ҳам англамоғи лозим. Тасвирий санъатни ҳеч қачон сунъий интеллект эгаллаб ололмайди. Интернетдан гоҳида кўраман сунъий интеллект чизган суратларни, уларда жон йўқ, улар тирик ўлик.
– Аёнки, санъат инсонни тарбиялайди. Сифатли таълим – тарбиядан бошланади. Ёшларнинг тарбиясида санъатнинг ўрни катта. Қандай қилиб ёшларни тасвирий санъатга жалб қилиш ва санъат орқали тарбиялашни кучайтириш мумкин?
– Тасвирий санъатни англаш учун аввало, табиатни тушуниш керак. Институтни битириб, қўлда диплом, рассом бўлиш ҳам мумкин, кўргазмаларда қатнашиш ҳам мумкин. Лекин туйғулар расмларнинг қонига сингдирилмаса, у рассом эмас.
Яна бир гап, диний илми саёз бўлган айрим кишилар ислом инсон расмини чизишни тақиқлайди, дейди. Бу тўғри эмас. Ҳусайн Бойқаро ёки Амир Темур ҳазратлари. Улар Камолиддин Беҳзодга ҳомийлик қилишган. Нима, уларнинг диний илми паст бўлганми?
Тасвирий санъат ёки мусиқани чегаралаш бу хурофот белгисидир. Тасвирий санъат негизида шартлилик ётса у яшашга, ривожланишига ҳақли. Миниатюра шартлилик асосида дунёга келган.
Шундай рассомлар борки, бор куч-қудратини бир умр ижодга бағишлайди. Улар бахтни ҳам, ғамни ҳам, тушкунликни ҳам, ҳайрат ва шодликни ҳам ижодда кўрадилар.
Ёшларга мактабдаги тўгаракларда, билим юртида сўнг институтда тасвирий санъат тушунчасининг моҳиятини англаш, қадимий даврлардан тортиб, XX-XXI асргача бўлиб ўтган жараённи ўрганиш, тасвирий санъатда нималар йўқотилдию, нималарга эришилгани, оқимлар қандай пайдо бўлганини ўргатиш керак. Мисол учун Пикассо тасвирий санъатнинг шаклийлик мазмуни кубизм орқали қайтиришга ҳаракат қилди, йўқолган шакл моҳиятини қайтарди. XIX-аср охирида рус рассомлари ғоя учун курашишди. Тасвирий санъат жони ва қони бўлган пластика йўқолиб қолди. Пластикани Пикассо бошлиқ инқилобчилар қайтариб беришга ҳаракат қилишди. Биз ўша давр мевасидан озиқланиб келяпмиз. Шулар ҳақида ёшлар билан суҳбат бўлиши керак.
Ёшларнинг тарбиясида санъатнинг ўрни катта экани гап бор. Ҳозир тўгараклар бор, пуллик мактаблар бор, аввалгидан юз чандон яхши имкониятлар бор. Менинг назаримда энди ҳаммаси ота-оналарга, муаллимларга боғлиқ.
Анча йил муқаддам “Туркистон” саройида барча рассомларнинг кўргазмаси бўлган. Ўн дона асарларим билан кўргазмада қатнашганман. Менга биринчи ўринни беришган. Закавказье шаҳарлари ва дам олиш масканларига саёҳат билан мукофотлашган. Шаҳарларни бир ойда айланиб чиққанман. Ўшанда 6-синф ўқувчиси бўлганман. Дунёда ўзбек боласидек қобилиятлиси йўқ. Мен Америкага борганимда, қизим ўша ерда мактабда дарс беради. Энг яхши ўқувчи ўзбек боласи эканини кўрдик. Тарбияси зўр, қунти зўр, ота-бобоси зўр, Қодирий, Авлонийлар авлоди, ахир. Расм ўқитувчим менга доимо сен зўр рассом бўласан деб кўнглимни кўтарарди. Мани бир эслайсан, болам дерди. Онамнинг ўгитларини қандай эсласам, устозимни ҳам шундай эслайман. Мен жуда қийинчиликда катта бўлганман. Отам 4 ёшимда вафот этганлар. Онам тўрт нафар фарзандни катта қилдилар. Онам доимо мени илҳомлантирган. Онамга атаб “Онагинам” номли китоб ҳам ёздим. Рассомлик билим юртини битириб, Москвада ўқишни давом эттираман деганимда, узоқ-яқиндаги жигаргўшаларим “Сен болага ким қўйибди”, “Аҳволингга қарасангчи”, “Бойваччаларнинг ўғиллари киролмаяпти-ку!” дея бироз энсалари қотган, шунда онажоним менга “Ўз кучинг билан Москов олийгоҳига кира олсанг билгин, сени эски шаҳар бойваччасининг боласидек зиёда таъминлайман, мени соғлиғи чатоқ, ночор аҳволда, деб ўйлама!” деган.
– Мактаб ўқувчиларига замондош рассомларимизни кўпроқ танитиш учун нима қилиш керак?
Биринчидан, ўқитувчилар ўз ишининг устаси бўлиши керак. Бизнинг давримизда ҳар бир мактабда буюк рассомларнинг расмлари деворга илиб қўйилар эди. Шишкиндан бошлаб Жалоловгача мактаб деворида турсин. Болалар ҳар куни кўрсин, фикрласин.
Мен қирқ йил Камолиддин Беҳзод номидаги институтида дарс бердим. Мунтазам равишда санъаткорлар, меъморлар ва ёзувчи-шоирлар билан учрашувлар ташкил қилар эдим. Машҳур илм соҳибларини чақирар эдим. Мақсадим қуруқ лекциявозлик эмас, ёшларни ИЖОД дея аталмиш оҳанрабога ошно қилиш эди. Орзуимга қанча эришдим ёки эришмадим, буни билмайман. Аммо, бир нарса аёнки, муаллим санъатни тушунса, севса, билганларини ёшлар қалбига сингдирса, меҳнати зое кетмайди. Айниқса бугун-мамлакатимизда маънавият, маърифат давлатимизнинг етакчи сиёсатига айланган кунларда. Бугун Ватанга ватанпарварлар керак. Ватанпарварларни ота-оналар, муаллимлар тарбиялайди.
– Японлар болага тарбияни, аҳлоқни чақалоқликдан 14 ёш оралиғида бериб бўлар экан. Ундан кейин фуқаролар бир-бирини тарбиялашар экан. Бунга сиз нима дейсиз?
– Тарбия бир йил, ўн йиллик жараён эмас. Тарбия бутун инсон умрини қамраб олади. Уйдаги муҳит, кўча, маҳалла, иш, жамоа ҳаммасида тарбия бор. Лекин яна бир таъсир омили мавжуд. Масалан, қариндошлари савдогар бўлса, машина бозорида ишласа, бизнесмен бўлса, кишини албатта ўша томонга тортиб кетади. Олим, физик, шифокор бўлса илм йўлидан боради. Болага ўқишдан ташқари дўстлардан хабар олиш, ота-она дуосига сазовор бўлиш, илтифот кўрсатиш кабиларни ҳам ўргатиш зарур. Дастурхон атрофида ҳам ҳеч бўлмаса ўтиб кетган ота-боболари ҳақида, уларнинг жасорати ҳақида гапириб бериш керак. Шундагина фарзандларимиз она юртни юракдан севиб ардоқлайдиган, ижодий куч-қудратини ўзи танлаган соҳага бағишлаган бўлади. Бахтни ҳам, ғамини ҳам, ҳайрат ва шодлигини ҳам юртига, Ватанига бағишлайдиган авлод бўлиб камол топади.
— Қизиқарли ва мазмунли суҳбат учун ташакккур!
ЎзА