«Ажр» ҳамда «Муножот» китоблари тақдимоти ўтказилди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира ва публицист Гулчеҳра Шаҳобиддин қизининг 60 ёши муносабати билан чоп этилган «Ажр» номли ҳамда Қозоғистонда ўзбек-қозоқ тилларида нашр этилган «Муножот» китоблари тақдимоти ва «Гуллашга улгурдим» номли адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, таниқли адабиётшунос олим Адҳамбек Алимбеков ва бошқалар Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи миллий адабиётимизга, шеъриятимизга ўзининг самимий, жўшқин, ҳам изтиробли, жайдари, халқона сатрлари билан кириб келганини таъкидлади.
Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи Жиззах шаҳрида туғилиб вояга етган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси. Халқ таълими аълочиси. Республика «Маърифат» тарғиботчилари жамияти аъзоси. «Маънавият фидойиси» кўкрак нишони соҳибасидир.
Унинг «Одобнома» дарслиги, ўттиздан ортиқ методик қўлланмаси, юздан зиёд услубий тавсия ва мақолалари нашрдан чиққан.
Шоира, адиба ва публицист Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи «Соғинч», «Янги ой чиққан кеча», «Дилда дардинг бўлмаса», «Қалдирғочим», «Жон ичра жондир Ватан», «Садарайҳон ифори», «Онажон, кечир», «Бахт хумори», «Сизни соғиндим», «Сўз зарби» каби ўндан зиёд шеърий тўпламлар муаллифидир.
[gallery-17077]
Ҳозирда шоира «Султонларга бешикcан, Жиззах», «Қурбонжон додхоҳ» достонлари, «Байрамлар ярашар Ўзбекистонга» номли методик қўлланма устида иш олиб бормоқда.
Маърифий тадбирда Гулчеҳра Шаҳобиддин қизининг ижоди, серқирра фаолияти, янги китоблари хусусида батафсил сўз юритилди.
Н.Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА