Айрим оилалар учун болалар нафақаси тўхтатилиши мумкин
2026 йилнинг август ойидан айрим оилалар учун болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўловлари тўхтатилиши мумкин.
Бу ўзгариш, аввало, оиладаги меҳнатга лаёқатли аъзоларнинг расмий бандлиги билан боғлиқ. Амалдаги тартибга кўра, “Камбағал оила” тоифасига киритилган ва 2026 йилнинг февраль ойида болалар нафақаси ҳамда моддий ёрдам тайинланган оилалар учун олти ойлик тўлов муддати август ойида якунланади. Шу муносабат билан ушбу тўловларни давом эттириш ёки тўхтатиш масаласи қайта кўриб чиқилади.
Нафақа қайси ҳолларда тўхтатилади?
Энг муҳим мезон – оиладаги меҳнатга лаёқатли шахснинг расмий меҳнат фаолияти. Агар меҳнатга лаёқатли оила аъзоси сўнгги олти ой давомида расмий иш жойига эга бўлмаган бўлса ёки Бандлик хизмати томонидан таклиф этилган муносиб ишни икки марта ёки ундан ортиқ рад этган бўлса, болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўловлари кейинги ойдан бошлаб тўхтатилади.
Бу тартиб давлат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий ёрдамнинг ҳақиқатан ҳам эҳтиёжманд оилаларга манзилли етиб боришини таъминлашга қаратилган.
Қонунчиликка мувофиқ, меҳнатга лаёқатли шахс ўзининг расмий бандлигини тасдиқлаши лозим. Бунинг учун меҳнат шартномаси асосида расмий ишга жойлашиш, якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) сифатида рўйхатдан ўтиш ва белгиланган солиқларни ўз вақтида тўлаш, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, ижтимоий солиқни белгиланган тартибда тўлаш.
Ушбу талаблар бажарилган тақдирда, оиланинг нафақа олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
Нега бу талаб жорий этилган?
Мутахассислар таъкидлашича, ижтимоий нафақаларнинг асосий мақсади — даромади етарли бўлмаган оилаларни қўллаб-қувватлаш билан бирга, меҳнатга лаёқатли фуқароларни расмий бандликка жалб қилиш. Расмий иш билан таъминланган фуқаро нафақат барқарор даромадга эга бўлади, балки пенсия стажи, ижтимоий ҳимоя ва бошқа давлат кафолатларидан ҳам фойдаланиш имкониятини қўлга киритади.
Шу боис, болалар нафақаси ва моддий ёрдам олаётган оилалар меҳнатга лаёқатли аъзоларининг расмий бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишлари зарур. Бу нафақат давлат ёрдамининг узлуксиз давом этиши, балки оиланинг иқтисодий барқарорлиги учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА