Давлатободда ноқонуний қурилмалар ва рухсатсиз ташқи реклама воситалари бартараф этилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Давлатобод туманида аҳоли учун қулай, хавфсиз ва обод шаҳар муҳитини яратиш мақсадида ободонлаштириш ишлари изчил давом этмоқда.
Айни кунларда туман ҳокимлиги ташаббуси билан тузилган ишчи гуруҳлар иштирокида марказий кўчаларда назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Тадбирлар давомида тегишли рухсатномаларсиз барпо этилган ноқонуний қурилмалар, ўзбошимчалик билан ўрнатилган ташқи реклама воситалари, савдо шохобчалари ва буткалар босқичма-босқич олиб ташланмоқда.
[gallery-30505]
Шунингдек, айрим фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган пиёдалар йўлаклари ҳамда умумий фойдаланиш ҳудудлари бўшатилиб, уларнинг дастлабки ҳолати тикланяпти. Бу эса пиёдаларнинг эркин ва хавфсиз ҳаракатланиши, шаҳарсозлик талабларига риоя этилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Масъуллар таъкидлашича, барча ишлар амалдаги қонунчилик талаблари асосида амалга ошириляпти. Шу муносабат билан аҳоли ва тадбиркорларга қурилиш ишларини амалга ошириш, ташқи реклама воситаларини жойлаштириш ҳамда давлат ерларидан фойдаланишда белгиланган тартиб ва талабларга қатъий риоя этиш зарурлиги эслатилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА