Айрим оилалар фарзандларининг тўгаракларга қатнашиш харажати 80 фоизи давлат томонидан тўланади
Болаларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, уларни замонавий касблар ҳамда хорижий тилларни ўрганишга кенг жалб этиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг қўшимча таълим олиш имкониятларини кенгайтириш учун тўгарак харажатларининг катта қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилмоқда.
Хусусан, ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган фарзандлари касб-ҳунар, ахборот технологиялари ҳамда олий таълим муассасаларига тайёрлов йўналишларида қўшимча таълим тўгаракларига жалб этилади.
Бунда ўқитиш харажатларининг 80 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қопланади, қолган 20 фоизини эса ота-она ёки қонуний вакил тўлайди.
Ўқувчиларни қўшимча таълимга жалб қилиш, уларнинг иштироки мониторингини юритиш ҳамда тўловларни амалга ошириш мақсадида kelajak.uzedu.uz электрон платформаси ташкил этилган. Айни пайтда мамлакат бўйлаб 9 мингдан ортиқ давлат мактаби, ўқув марказлари ва якка тартибдаги тадбиркорлар мазкур платформа орқали 24 мингдан зиёд тўгарак хизматларини таклиф қилмоқда.
2026 йилнинг 1 май ҳолатига кўра, 125 минг 81 нафар ўқувчи ахборот технологиялари, хорижий тиллар, умумтаълим фанлари, жумладан 1–4-синфлар учун узайтирилган кун гуруҳлари ҳамда касб-ҳунар йўналишидаги тўгаракларга жалб қилинган.
Тўгаракларни муваффақиятли тамомлаган ўқувчиларга таълим ташкилотлари томонидан сертификат ёки маълумотнома берилади.
Ота-оналар фарзандларини ушбу дастур доирасидаги тўгаракларга жалб қилиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза топшириши ҳамда тегишли таълим муассасаси билан шартнома тузиши лозим. Шунингдек, kelajak.uzedu.uz платформаси орқали фарзандлари қизиққан тўгаракларни танлаш ва хизмат ҳақининг белгиланган қисмини тўлаш имконияти ҳам яратилган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ўқувчилар бир вақтнинг ўзида кўпи билан иккита тўгаракда қатнашиши мумкин. Тўгаракларда иштирок этиш муддати таътил вақтлари билан бирга ҳисоблаганда 9 ойдан ошмаслиги керак. Шунингдек, мазкур имтиёз бир ўқувчига умумтаълим мактабини тамомлагунига қадар кўпи билан икки марта тақдим этилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА