Айрим маҳаллаларда йўловчилар камлиги автобусга эҳтиёж йўқлигини англатмайди
26 ноябрь — Бутунжаҳон барқарор транспорт куни
Кундалик хизмат фаолиятимиз тақозоси билан кўп вақтимиз йўлда ўтади. Гоҳида метро, баъзан автобус, шошилинч ҳолларда эса кўпинча такси хизматидан фойдаланамиз. Табиийки, шаҳар кўчаларида автотранспорт воситалари оқимининг тобора ортиб бораётганига ҳар куни гувоҳ бўламиз. Бу эса жамоат транспортининг қулайлиги, ҳаракат хавфсизлиги ва тирбандликларни камайтириш масалаларини янада долзарблаштиради.
Бугунги сана муносабати билан ушбу мавзуда Барқарор ривожланиш маркази бош мутахассиси Алишер Азизов билан суҳбатлашдик.
– Бугун шаҳарларда жамоат транспортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги автобуслар харид қилинмоқда, метро тармоқлари кенгаймоқда, йўловчилар оқими ортмоқда. Транспорт тизими ривожланганини фақат шу кўрсаткичлар билан баҳолаш мумкинми?
– Транспорт тизимининг самарадорлигини фақат автобуслар сони ёки йўловчилар оқими билан ўлчаш тўғри эмас. Албатта, бу кўрсаткичлар соҳадаги ўзгаришларни акс эттиради. Бироқ энг муҳим мезон — транспорт хизматлари инсон ҳаётини қанчалик енгиллаштираётгани.
Масалан, фуқаро ишига ёки ўқиш жойига қанча вақтда етиб боряпти? Автобусни қанча вақт кутаяпти? Бир транспорт воситасидан бошқасига ўтиш қанчалик қулай? Йўл ҳақи оила бюджетига қанчалик мос? Ана шу саволларга жавоб транспорт тизимининг ҳақиқий самарадорлигини кўрсатади.
Шу боис жамоат транспортини ривожлантиришнинг кейинги босқичида миқдорий кўрсаткичлар билан бир қаторда хизмат сифати, мунтазамлиги ва аҳолининг қониқиш даражасини баҳолашга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур.
– Ўзбекистонда сўнгги йилларда жамоат транспорти соҳасида сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Пойтахт ва вилоят марказларига кўплаб янги автобус ва электробуслар олиб келинди. Эндиги асосий вазифа нимадан иборат, деб ўйлайсиз?
– Жамоат транспорти хизматлари кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Энди асосий вазифа мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва хизматлар сифатини оширишдан иборат.
Масалан, автобуслар сони етарли бўлса-да, уларнинг ҳаракат жадвалига риоя этилмаслиги йўловчилар учун ноқулайлик туғдиради. Бир автобуснинг кечикиши кейинги қатновлар оралиғидаги мувозанатни бузиши мумкин.
Бу борада электрон тўловлар ва GPS маълумотларини биргаликда таҳлил қилиш муҳим. Ушбу маълумотлар орқали йўловчилар оқими юқори бўлган йўналишларни, автобуслар етишмаётган ҳудудларни ва кечикишлар сабабларини аниқлаш мумкин. Натижада мавжуд транспорт воситаларини эҳтиёжга қараб оқилона тақсимлаш имконияти пайдо бўлади.
– Тошкент шаҳрида тирбандлик ва гавжум вақтларда жамоат транспортининг тиғизлиги аҳоли учун долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Бу борада хорижий давлатлар тажрибасидан қандай фойдаланиш мумкин?
– Бу масалада Жанубий Кореянинг Сеул шаҳри тажрибаси эътиборга молик. У ерда метро йўналишларидаги йўловчилар оқими бекатлар ва вақт кесимида таҳлил қилиниб, энг гавжум йўналишларда қўшимча қатновлар ташкил этилган.
Масалан, Сеул метрополитенининг 4-йўналишида поездларнинг энг юқори бандлик даражаси 2023 йилдаги 190,4 фоиздан 2025 йил охирида 143,6 фоизга пасайган.
Тошкент метрополитенида ҳам шундай ёндашувни қўллаш мумкин. Яъни, поездлар ҳаракат оралиғини фақат белгиланган жадвал асосида эмас, балки йўловчилар оқими ва бандлик даражасини ҳисобга олган ҳолда белгилаш мақсадга мувофиқ. Бу йўловчиларнинг кутиш вақтини қисқартириш ва тиғизликни камайтиришга хизмат қилади.
– Кўпинча жамоат транспортидан фойдаланувчилар сони асосий кўрсаткич сифатида қаралади. Аммо айрим маҳаллаларда йўловчилар сони кам бўлса, бу ҳақиқатан ҳам транспортга эҳтиёж пастлигини англатадими?
– Ҳар доим ҳам эмас. Баъзи маҳаллаларда автобуслар кам қатнаши, йўналишлар ноқулайлиги ёки транспорт тармоқларининг асосий манзиллар билан етарлича боғланмагани сабабли аҳоли жамоат транспортидан камроқ фойдаланиши мумкин.
Шунинг учун йўловчилар сонини таҳлил қилишда мавжуд хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ҳам ҳисобга олиш зарур. Масалан, маҳаллаларнинг транспорт билан таъминланганлик даражасини, иш жойлари, таълим муассасалари ва тиббиёт ташкилотларига етиб бориш учун кетадиган вақтни ўрганиш мумкин.
Бу маълумотларни электрон харитада акс эттириш орқали транспорт хизмати етарли бўлмаган ҳудудларни аниқлаш ва янги йўналишларни ташкил этишда аниқ мезонларга таяниш имконияти яратилади.
– Ўзбекистонда барқарор транспорт тизимини шакллантириш учун келгусида қайси вазифаларга устувор аҳамият қаратиш лозим?
– Менимча, биринчи навбатда, транспорт сиёсатининг марказида инсон манфаатлари туриши керак. Бунинг учун бир нечта йўналиш муҳим аҳамиятга эга.
Биринчидан, жамоат транспортининг тезлиги, мунтазамлиги ва қулайлигини ошириш зарур. Иккинчидан, шаҳар атрофидаги темир йўл, метро ва автобус тармоқларини ўзаро интеграция қилиш лозим. Учинчидан, маҳаллаларнинг транспорт билан таъминланганлик даражасини мунтазам баҳолаб бориш керак.
Шу билан бирга, жамоатчилик фикрини ўрганиш, аҳолининг таклиф ва мурожаатларига ўз вақтида муносабат билдириш ҳам муҳим. Чунки транспорт тизимидан ҳар куни фойдаланадиган инсонлар унинг қайси жиҳатлари қулай ёки ноқулай эканини яхши билади.
Энг муҳими, барқарор транспортни ривожлантиришни фақат янги автобуслар харид қилиш ёки йўл инфратузилмасини кенгайтириш билан чекламаслик керак. Унинг асосий натижаси инсоннинг тежалган вақти, камайган харажатлари, саломатлиги ва яшаш муҳити сифати яхшиланишида намоён бўлиши лозим.
– Суҳбатингиз учун раҳмат!
ЎзА мухбири
Н.Усмонова суҳбатлашди.