Аёллар жиноятчи бўлиб қолмасин
Аёлларни мўътабар зот, ҳаётимиз гултожи, деб атаймиз. Лекин афсуски, бугун улар иштирокида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилаётганлиги кўнглимизни хира қилади.
Аёл нега жиноятга қўл урмоқда? Қандай омиллар уни ана шу йўлга бошламоқда? Опа-сингилларимизни жиноят йўлига киришига нима мажбур қилмоқда? Андижон тумани ҳокимлигида Андижон вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Н.Мўминова раислигида ўтказилган тадбирда аёллар томонидан содир этилаётган маъмурий ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар муҳокама қилинди, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган ишлар самарадорлигини ошириш, опа-сингилларимизга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларга барҳам бериш хусусида атрофлича сўз юритилди.

Ички ишлар тизими мутасадди ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари иштирокидаги йиғилишда олиб борилаётган ишлар, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан жорий йилнинг биринчи чорагида туманда хотин-қизлар жиноятчилиги ортиб кетганлиги қайд этилди.
Тадбирда маъмурий йўналишда содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар таҳлил қилинди. Келгусида бу каби ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилиб, зарур вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, бу борада профилактик ва тарғибот ишларини кучайтириш, айниқса, жиноятчиликка мойиллиги бор аёллар, носоғлом оилалар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, тадбирда мутахассислар томонидан иштирокчиларга 2019 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги ҳамда "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида"ги Қонунларининг мазмун-моҳияти ҳақида кенг тушунтиришлар берилди.
Тадбир қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
Ф. Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА