Бир гуруҳ хорижлик шифокорлар тақдирланди
“Табассум ҳадя этамиз” (“Дарим улыбку”) халқаро хайрия жамғармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикасида акция ташкил этилди.
Ушбу акция доирасида 180 нафардан ортиқ бемор бола тиббий кўрикдан ўтказилди. Шундан, 60 нафарга яқин болада мураккаб жарроҳлик амалиёти бепул бажарилди. Бу эса чин маънода болажонларга кулги, уларнинг яқинларига қувонч инъом этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев мазкур акцияни ўтказишда фаоллик кўрсатган хорижлик шифокорлар билан учрашди ва уларга миннатдорлик билдирди. Жаҳоннинг бир қатор мамлакатларидан ташриф буюрган шифокорлар томонидан қилинган эзгу ташаббусни халқимиз юқори даражада баҳолаши ва қадрлашини таъкидлади.

Тадбир давомида Жўқорғи Кенгес Президиуми қарори билан бир гуруҳ мутахассислар муносиб тақдирланиб, уларга кўкрак нишони, қимматбаҳо совғалар топширилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур халқаро хайрия жамғармаси томонидан жорий йилнинг 5-12 апрель кунлари Нукус шаҳридаги Болалар миллий тиббиёт марказининг Оролбўйи минтақаси болалар касалликлари бўйича тиббиёт клиникасида хайрия акцияси ўтказилган эди. Унда 2000 нафардан ортиқ ўғил-қиз кўрикдан ўтказилиб, шундан 70 нафардан ортиқ беморда жарроҳлик амалиёти бажарилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири