Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ахборот ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабарлар, кузатув ва баҳолар бериб борилмоқда. Бу жараён мамлакатимиздаги ислоҳотлар, иқтисодий ҳамкорлик, рақамли трансформация ва медиа соҳасидаги янгиланишларнинг халқаро ахборот маконида қандай акс этаётганини кўрсатади.
Анадолу: Турк-ислом цивилизациясининг қадимий марказларидан бири – Ўзбекистон
35 ёшда

Туркиянинг “Анадолу” ахборот агентлиги Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатнинг асосий тараққиёт кўрсаткичи ва ташқи алоқаларига бағишланган инфографика тақдим этди.
Материалда Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга юрт сифатида қайд этилган. Шунингдек, мамлакат минерал ресурс салоҳияти қарийб 5,7 триллион долларга баҳоланиши, республика йилига ўртача 120 тонна олтин қазиб оладиган дунёнинг энг йирик 10 мамлакати қаторида экани таъкидланган.
Жадвалда 1991 йил 31 августда мустақиллик эълон қилингани, 2016 йил Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайлангани ҳамда 2019 йил Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига қўшилгани каби муҳим саналар келтирилган.
Агентлик икки давлат муносабатига ҳам алоҳида тўхталиб, Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлатлиги, дипломатик муносабат 1992 йил 4 мартда ўрнатилганига урғу берган. Ўзаро муносабат 2017 йил стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Ўтган йил савдо айланмаси 3 миллиард долларга етган.
APP: Ўзбекистон – Покистон: Дўстлик ва биродарлик наволари

APP ахборот агентлиги хабар беришича, Исломободда мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистон – Покистон: Дўстлик ва биродарлик наволари” номли махсус маданий концерт ташкил этилган.
БелТА: Беларусь – Ўзбекистон шериклиги янада ривожланади

БелТА ахборот агентлиги мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон халқига Президент Александр Лукашенко йўллаган табрикни эълон қилди.
Беларусь етакчиси мамлакат суверенитетини мустаҳкамлаш, барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш йўлида дадил одимлаётган Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганига эътибор қаратган.
Лукашенко Минск ва Тошкент ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва ўзаро ишонч кўп қиррали Беларусь – Ўзбекистон ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришига ишонч билдирган.
Italpress: Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли
минтақавий боғлиқликни кучайтиради

“Italpress” ахборот агентлиги Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли лойиҳасига эътибор қаратди. Нашр ёзишича, 2026 йил 15 август куни дрон орқали олинган тасвирда Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Кеч-Алат дарёси устидан ўтадиган йирик кўприк қурилиши акс этган.
Хитойни Қирғизистон орқали Ўзбекистон билан боғлайдиган мазкур темир йўл “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги муҳим лойиҳа сифатида баҳоланган. Ушбу йўналиш уч давлат ва халқ манфаатига хизмат қилувчи муҳим транспорт йўлаги сифатида таърифланган.
Қайд этилишича, лойиҳа минтақавий инфратузилма шакллантириш, ўзаро савдони ривожлантириш ҳамда Марказий Осиё умумий транспорт тизимини такомиллаштириш йўлидаги дадил қадамдир.
Trend: Ўзбекистон ШҲТ доирасида темир йўл маконини уйғунлаштириш тарафдори

“Trend” ахборот агентлиги Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Бишкекда ўтказилган 25-юбилей саммитини ёритар экан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган бир ташаббусни алоҳида таъкидлади.
Яъни, давлатимиз раҳбарининг ШҲТга аъзо давлатлар умумий темир йўл маконини яратиш мақсадида махсус Кенгаш тузиш таклифига эътибор қаратган. Ушбу янги платформа темир йўллар фаолиятини мувофиқлаштириш, миллий тармоқларни ўзаро боғлаш ва ташкилот доирасида халқаро транспорт йўлакларини ривожлантиришга кўмаклашиши кўзда тутилмоқда.
Ҳамкоримиз мазкур ташаббус юртимизнинг транзит салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли билан чамбарчас боғлиқ эканига урғу берган.
Д.Ҳакимов, ЎзА