Авлодларни боғлаган маънавият кўприги
Ҳар бир халқнинг буюклиги унинг тарихига, миллий қадриятларига ва авлодлар ўртасидаги узвий боғлиқликка бўлган муносабати билан ўлчанади. Зеро, кексаларнинг ҳаётий тажрибаси, ўрта авлоднинг масъулияти ва ёшларнинг шижоати уйғунлашган жамиятда тараққиёт барқарор бўлади, маънавий муҳит мустаҳкамланади. Бугун Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, кексаларни эъзозлаш ва миллий меросни асраб-авайлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани бежиз эмас.
Ана шу эзгу мақсадлар йўлида Бухоро шаҳрида “Уч авлод учрашуви” мавзусида ўтказилган маданий-маърифий тадбир маънавият ва инсонпарварлик байрамига айланди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг аҳоли, айниқса, кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар тарбиясида самарали фойдаланиш ҳамда миллий қадриятларни кенг тарғиб қилишга қаратилган фармон ва қарорларида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди.
Мазкур учрашув “Бухоро фидойилари” жамоатчилиги иштирокида “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази ҳамда Ўзбекистон давлат филармонияси Бухоро вилояти бўлими ҳамкорлигида юқори савияда ўтказилди. Унда нуронийлар ва кексалар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, олимлар, маданият ва санъат намояндалари, уста ҳунармандлар, ижодкорлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашишди.
Тадбирнинг энг муҳим жиҳати шунда бўлдики, унда турли авлод вакиллари бир даврада жам бўлиб, ҳаёт сабоқлари, миллий анъаналар, маънавий мерос ва қадриятлар ҳақида самимий мулоқот қилишди. Кексалар ўзларининг бой тажрибаси, ҳаётда орттирган билим ва хулосалари билан ўртоқлашар экан, ёшлар уларнинг ҳар бир сўзини катта қизиқиш ва ҳурмат билан тинглашди.
Учрашув давомида мамлакатимизда кексаларни эъзозлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг аҳамияти ҳақида фикр алмашилди. Таъкидланганидек, халқнинг маънавий қудрати авлодлар яқинлиги сақланган жойда янада юксалади.
Тадбирнинг маданий қисми эса иштирокчилар қалбида унутилмас таассуротлар қолдирди. Бухоро вилояти филармониясининг иқтидорли ижодий жамоалари томонидан ижро этилган миллий куй-қўшиқлар, мавриги ва бухорча ашулалар йиғилганларга ҳақиқий маънавий завқ бағишлади. Қадимий Бухоро руҳини ўзида мужассам этган куйлар зални миллий ғурур ва ифтихор туйғулари билан тўлдирди.
Шунингдек, ижодкорлар томонидан Ватанга муҳаббат, инсон қадри, маънавият, эзгулик ва авлодлар ҳамжиҳатлиги борасида ўқилган шеърлар тадбирнинг мазмун-моҳиятини янада бойитди. Ҳар бир чиқиш инсонни ўйлашга, ўз илдизларини қадрлашга ва келажак учун масъулиятни ҳис қилишга ундади.
Тадбир қатнашчилари таъкидлаганидек, бу каби учрашувлар кексаларнинг бой ҳаётий тажрибасини ёшларга етказиш, оилавий ва миллий қадриятларни мустаҳкамлаш, жамиятда меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини қарор топтиришда беқиёс аҳамиятга эга. Чунки халқнинг маънавий қудрати авлодларнинг бирлиги ва ўзаро ҳурмати билан мустаҳкамланади.
“Уч авлод учрашуви” тадбири нафақат маданий-маърифий лойиҳа, балки инсон қадрини улуғлаш, кексаларни эъзозлаш ва миллий меросни келажак авлодга етказишга қаратилган юксак маънавий ҳаракатнинг ёрқин намунаси бўлди. Бу учрашувда айтилган ҳар бир фикр, янграган ҳар бир қўшиқ ва шеър авлодлар қалбини бир-бирига яқинлаштирди, инсонни ўз тарихи ва қадриятларига янада чуқурроқ назар ташлашга ундади.
Зеро, миллатнинг келажаги — ёшлар қўлида бўлса, унинг маънавий таянчи кексаларнинг ҳаётий тажрибасида мужассамдир. Авлодлар ўртасидаги ана шундай мустаҳкам маънавий ришталар сақланар экан, юртимизда эзгулик, ҳамжиҳатлик ва тараққиёт ғоялари абадий яшайверади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари