Аттестация ва касбий сертификатлаш синовлари учун тўлов миқдори 50 фоизга камайтирилди
Педагог кадрларни қўллаб-қувватлаш ва улар учун давлат хизматларидан фойдаланишни янада қулай қилиш мақсадида аттестация ҳамда касбий сертификатлаш синовларида иштирок этиш тартибига муҳим ўзгартириш киритилди.
Энди навбатдан ташқари аттестация ва касбий сертификатлаш синовларида иштирок этиш учун тўланадиган йиғим миқдори икки баробарга қисқартирилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 16 апрелдаги тегишли қарорига мувофиқ, мазкур давлат хизмати учун ундириладиган йиғим базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари ўрнига унинг 50 фоизи этиб белгиланди.
Шунингдек, педагог кадрлар аттестациясининг навбатдаги мажбурий ҳамда касбий сертификатлаш синовларида биринчи марта иштирок этиш бепул амалга оширилади.
Педагоглар мурожаатларни pedagog.uzedu.uz платформаси, Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборишлари мумкин.
Айни пайтда касбий сертификатлаш синовларида иштирок этиш учун ҳужжатлар қабули давом этмоқда ва у 31 июлга қадар давом этади. Август–декабрь ойларида ўтказиладиган малака (тест) синовлари учун эса қабул 1 августдан бошланиши режалаштирилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА