Атмосфера мусаффолигига эришишда аниқ маълумот ва тезкор чоралар
Дунёнинг экологик манзараси тубдан ўзгариб бораётган айни пайтда мамлакатимизда ҳам соф экологик муҳитни қарор топтириш борасида кенг кўламли чоралар амалга ошириб келинмоқда. Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида экология ва аҳоли саломатлиги соҳасида белгиланган устувор мақсадлари билан уйғун ва ҳамоҳангдир. Бу ҳақда Барқарор ривожланиш маркази бош мутахассиси Алишер Азизов ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилди:
– Бугун шаҳарлар ривожини фақат янги бинолар ва кенг йўллар эмас, аҳоли нафас олаётган ҳавонинг сифати ҳам белгилайди. Жаҳон банкининг 2024 йилги ҳисоботида Тошкентда 2018–2022 йилларда олиб борилган кузатувлар таҳлил қилинган. Натижаларга кўра, майда PM2.5 заррачаларининг йиллик ўртача миқдори Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия этган меъёрдан олти баравардан зиёд бўлган.
Инсон фаолияти таъсирида юзага келадиган ифлосланиш манбалари таркибида иситиш тизимларининг улуши 28 фоиз, транспортники 16 фоиз, саноатники эса 13 фоизни ташкил этади. Ёз ойларида шамол кўтарган чангнинг улуши 36 фоизга етади. Демак, муаммонинг манбаси фасл ва ҳудудга қараб ўзгаради. Унга қарши чоралар ҳам ана шу шароитдан келиб чиқиб белгиланиши зарур.
Бу вазифа БРМ 3 — соғлом турмуш тарзини таъминлаш, БРМ 11 — барқарор шаҳарлар ва аҳоли пунктларини ривожлантириш ҳамда БРМ 13 — иқлим ўзгаришига қарши чоралар кўриш мақсадлари билан ҳам бевосита боғлиқ.
Шу сабаб мониторинг фақат ўлчов билан чекланмаслиги керак. Олинган кўрсаткичлар ифлосланиш қаерда кучайганини, унинг эҳтимолий манбаларини аниқлаш ва масъул тузилмаларни ўз вақтида ҳаракатга келтиришга хизмат қилиши лозим.
БМТ Тараққиёт дастурининг Сингапурдаги Глобал маркази 2026 йил 10 июнда эълон қилган «Тоза ҳаво тизимлари: маълумотлар, инновациялар ва институционал ўзгаришларни боғлаш» номли таҳлилий мақолада шу мақсадга қаратилган ечимлар илгари сурилган. Улар орасида шаҳарнинг турли ҳудудларига нисбатан арзон сенсор қурилмаларини ўрнатиш, сунъий интеллект ёрдамида ифлосланишнинг эҳтимолий манбаларини таҳлил қилиш, вазият оғирлашишини олдиндан баҳолаш ва аҳолини огоҳлантириш каби чоралар бор. Очиқ кодли воситалар ҳамда ташкилотлар ўртасидаги ахборот алмашинуви эса кузатув, таҳлил, огоҳлантириш ва тезкор жавобни ягона жараёнга боғлайди.
Ўзбекистонда бу ёндашувни амалга ошириш учун дастлабки асос шаклланмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 ноябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, республика туман ва шаҳарларида атмосфера ифлосланишини кузатувчи 347 та кичик автоматлаштирилган станция ўрнатилиши белгиланган. Бу ҳозир фаолият кўрсатаётган қурилмалар сони эмас, балки қарорда тасдиқланган режадир. Келгусида улардан олинадиган ахборотни саноат корхоналари, об-ҳаво хизмати, транспорт оқими ва иситиш тармоқларига оид кўрсаткичлар билан ягона рақамли платформада бирлаштириш мумкин. Шунда тарқоқ рақамлар муайян ҳудуддаги экологик ҳолатнинг яхлит манзарасини намоён этади.
Умумий платформага жамланган ахборот сунъий интеллект воситалари ёрдамида тез таҳлил қилиниб, хавф қайд этилган ҳудуд ва ифлосланишнинг эҳтимолий манбалари баҳоланади. Агар асосий омил автомобиллар оқими бўлса, транспорт хизматлари ҳаракатини тартибга солиш чоралари кўрилади. Муаммо қурилиш майдони ёки саноат корхонаси атрофида кузатилса, назорат гуруҳи ўша жойга йўналтирилади. Вазият ёмонлашиши кутилса, аҳолига саломатликни асраш бўйича тавсиялар юборилади, мактаблар ва шифохоналар олдиндан хабардор қилинади. Шу тариқа рақамлар кечикиб эълон қилинадиган статистика эмас, инсонларни хавфдан асрашга хизмат қилувчи тезкор сигналга айланади.
Бу ғояни синовдан ўтказиш учун мамлакатда муайян тажриба тўпланган. 2025 йилнинг биринчи ярмида республикада ҳаво, сув ва тупроқ сифати бўйича 228 та объектда экологик мониторинг амалга оширилган. Оролбўйида БМТ Тараққиёт дастури кўмагида 17 та автоматик станция миллий экологик мониторинг тизимига интеграция қилинган.
Шу имкониятларга таяниб, бундай рақамли платформани дастлаб Тошкентнинг аҳоли зич ҳудудлари ҳамда чанг бўронлари кўп кузатиладиган Қорақалпоғистонда синаб кўриш мумкин. Пойтахтда транспорт, иситиш, қурилиш ва саноат таъсири ўрганилса, Қорақалпоғистонда табиий чанг ва кучли шамол шароитида технологиянинг самарадорлиги баҳоланади. Олинган тажриба кейинчалик энг мақбул ечимларни бошқа ҳудудларга татбиқ этишга ёрдам беради.
Бироқ натижани технологиянинг ўзи эмас, ундан қандай фойдаланиш белгилайди. Экология ва соғлиқни сақлаш идоралари, транспорт, энергетика ва қурилиш ташкилотлари, Ўзгидромет ҳамда ҳокимликлар ўзаро мувофиқлашган ҳолда ишлаши зарур. Жамоатчилик учун очиқ интерактив харитада атмосфера ҳавосининг ҳолати, муаммо қайд этилган ҳудуд, кўрилган чоралар ва уларнинг самараси мунтазам акс эттириб борилиши керак.
Бундай ёндашув Барқарор ривожланиш мақсадларининг тегишли кўрсаткичларини аниқ маълумотлар асосида баҳолаш имконини ҳам кенгайтиради. Шунда ҳар бир кўрсаткич ҳисобот учун эмас, инсон саломатлигини асраш учун хизмат қилади. Тоза ҳаво эса шунчаки чақирув бўлиб қолмай, аҳоли кундалик ҳаётида ҳис қиладиган аниқ натижага айланади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА