Асоссиз тўловлар аниқланди
Фуқароларнинг сифатли ва адолатли тиббий хизматлардан фойдаланиши, айниқса пуллик хизматлар учун ҳақ тўлашда уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу боис тиббиёт муассасаларида хизматлар нархининг қонунчилик асосида шакллантирилиши, ҳисоб-китобларнинг тўғри юритилиши ва истеъмолчиларга тўлиқ ҳамда аниқ маълумот тақдим этилиши доимий назоратда бўлиб келмоқда.
Рақобат қўмитаси томонидан аҳолига кўрсатилаётган пуллик тиббий хизматлар нархларининг шакллантирилиши юзасидан ўтказилган ўрганишлар давомида Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги айрим тиббиёт муассасалари фаолиятида қонунчилик талабларига зид ҳолатлар аниқланди.
Текширувлар натижасида қарийб 350 минг нафар фуқародан жами 440 миллион сўмга яқин маблағ асоссиз равишда ундирилгани маълум бўлди. Мазкур ҳолатлар юзасидан масъул муассасаларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиб, асоссиз олинган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.
Бу эса аҳоли ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тиббий хизматлар соҳасида адолатли муносабатларни таъминлашга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Н. Раҳмонова, ЎзА