Озод мамлакатнинг бахтиёр болалари
Ҳар йили 1 июнь бутун дунё бўйлаб “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” сифатида кенг нишонланади.
Наманган вилоятида ҳам “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан бир қатор маънавий-маърифий ва маданий-кўнгилочар тадбирлар ташкил этилмоқда. Ҳар йили шаҳар, туманлардаги маданият ва истироҳат боғларидаги мавжуд аттракционлар болажонларга имтиёзли тарзда хизмат кўрсатиб келади.


Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ташаббуси билан Янги Наманган тумани Фурқат ҳамда Бунёдкор маҳаллаларида болажонлар ўртасида спорт мусобақалари, расмлар кўргазмалари, шеърлар мушоираси каби байрам тадбирлари уюштирилди. Уларда фаол иштирок этган кичкинтойларга “Маҳалла” жамғармаси томонидан ажратилган совғалар: рюкзак, спорт кийими ва кепка тақдим қилинди. Маҳалла фуқаролар йиғини вакилларига эса атоқли ёзувчи Хайриддин Султон қаламига мансуб “Ялдо кечаси” романи китоби топширилди. Саховатли инсонларнинг ҳомийлигида тарқатилган ўқув қуроллари ва музқаймоқлар ўғил-қизларга олам-олам қувонч улашди.



– Файзли, бахтли юртга байрамлар ярашади. Болажонлар байрамида маҳалламиздаги 100 дан ортиқ жажжиларнинг кўнглини хушнуд этишни ният қилгандик, – дейди Янги Наманган туманидаги Фурқат номли маҳалла фуқаролар йиғини раиси Саодатхон Холбоева. – “Маҳалла” фонди, туман ҳокимлиги ҳамда саховатли тадбиркорлар кўмагида мақсадимиз амалга оширилди. Кичкинтойларга совғалар, китоблар ва музқаймоқ, салқин ичимликлар тақдим қилинди. Шахмат-шашка мусобақаси, рассомлик кўргазмаси, шеъриятхонликда фаоллик кўрсатган дилбандларнинг ҳар бирига совғалар берилди. Бу ғамхўрлик болажонларнинг ёдида узоқ вақтгача муҳрланиб қолиши, шубҳасиз.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА