Асоссиз олинган пуллар қайтариб берилди
Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш - барча соҳада устувор вазифа ҳисобланади.
Аммо баъзида банк ходимларининг бепарволиги оқибатида оддий фуқаролар турли оворагарчиликларга дуч келмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида яшовчи фуқаро А.Жарилқаганова “Ўзмиллийбанк”нинг туман филиалидан олган пластик картасидан Самарқанд вилоятида яшовчи фуқаро орқали пул ечиб олинаётганини аниқлаган. Бу ҳолат 4 марта такрорлангач, фуқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.
Қўнғирот тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раисининг аралашуви билан масала ўрганилиб, банкка хат юборилди. Натижада банк раҳбарияти томонидан масала ижобий ҳал этилиб, фуқаронинг банк пластик картасидан рухсатсиз ечилган пуллар тўлиқ қайтариб берилди.

Яна бир ҳолатда ушбу туманда яшовчи Т.Балтабоев дўкондан шартнома асосида ҳаво совиткич ва кир ювиш машинасини сотиб олган.
Бироқ дўкон мутахассисларининг хатоси туфайли фуқаронинг номига нархи 13 миллион 188 минг сўм бўлган LG 65NU900B6LA русумли телевизор ҳам қўшимча расмийлаштириб юборилган. Ушбу хатони сезганидан сўнг фуқаро дўконга бориб шартномани бекор қилишни сўраган, бироқ мутахассислар буни рад этган.
Ўша вақтда фуқаро Қўнғирот тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма равишда мурожаат қилган. Жамият мутахассислари томонидан масала тезкорлик билан ўрганилиб, дўкон раҳбари ва ходимлари билан қонун асосида тушунтириш ишлари олиб борилган.
Амалий ёрдам натижасида компания бош офиси шартномани қонуний равишда бекор қилган. Фуқаро ўз навбатида бу амалий ёрдам учун жамиятга ўзининг миннатдорчилигини билдирди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири