Аскарлик — шараф, Ватан — муқаддас
Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги Сирдарё туманида жойлашган Сафарбарлик чақирув резерви батальонида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёш аскарлар учун ҳаётидаги энг унутилмас ва масъулиятли кунлардан бири — «Ватанга қасамёд» маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги вакиллари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши, Мудофаа вазирлиги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, ҳарбий хизмат фахрийлари, аскарларнинг ота-оналари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Маросим давомида ёш аскарлар Ватан олдидаги муқаддас бурчини сидқидилдан адо этиш, юрт тинчлиги ва халқ осойишталигини асраш, ҳарбий қасамёд талабларига қатъий амал қилишга тантанали равишда қасамёд қилди. Бу лаҳзалар, айниқса, фарзандини Ватан ҳимоячиси сифатида кўриш бахтига муяссар бўлган ота-оналар учун ҳам ҳаяжонли ва фахрли кечди.


Тадбирда сўзга чиққанлар ёш аскарларни қутлаб, ҳарбий хизмат инсондан нафақат жисмоний тайёргарлик, балки мустаҳкам ирода, юксак интизом, матонат ва масъулиятни ҳам талаб этишини таъкидлади. Ватан ҳимоячиси деган шарафли номга муносиб бўлиш, аввало, юртга садоқат ва ҳарбий бурчга вафодорликдан бошланиши қайд этилди.
Маросимнинг амалий қисми ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Сирдарё тумани Ички ишлар академик лицейи ўқувчилари томонидан намойиш этилган қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлар тадбирга янада жўшқинлик бағишлади. Ўқувчиларнинг чаққонлиги, жасорати ва жисмоний тайёргарлиги намуналари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Шунингдек, Сирдарё тумани Маданият бўлими ижодкорлари томонидан ижро этилган ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар маросимга кўтаринки кайфият бағишлади. Куй ва қўшиқлар тадбирнинг тантанавор руҳини янада кучайтирди.

Тадбирда иштирок этган аскар Бобур Эгамназаров учун ҳам бу кун алоҳида аҳамият касб этди.
— Бугун мен учун ҳаётимдаги энг унутилмас кунлардан бири бўлди. Ватан олдида қасамёд қабул қилиш — катта шараф ва юксак масъулият. Ота-онам ва яқинларимнинг ишончини оқлаб, ҳарбий хизматни сидқидилдан ўташга ҳамда Ватан ҳимоячиси деган шарафли номга муносиб бўлишга ҳаракат қиламан, — дейди аскар Бобур Эгамназаров.

«Ватанга қасамёд» маросими ёш аскарлар учун оддий тантана эмас, балки уларнинг ҳаётидаги муҳим ва унутилмас воқеалардан биридир. Зеро, қасамёд — Ватанга садоқат, халққа хизмат ва юрт тинчлиги учун масъулиятни зиммага олиш рамзи.

— Бугун қасамёд қабул қилган ёшлар учун энг катта шараф — она Ватан тинчлиги ва халқ осойишталиги йўлида муносиб хизмат қилишдир. Ҳарбий хизмат уларни нафақат чиниқтиради, балки Ватан тақдири олдидаги масъулиятни чуқур ҳис этишга ўргатади, — дейди Сирдарё вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги майор Бурхон Абдуалимов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири