Арнасойлик билимдон ёшлар Хитойга саёҳатга йўл олди
Жиззах вилоятининг Арнасой туманида иқтидорли ўқувчиларнинг инглиз тили ва математика фанларидан билимлари муносиб тақдирланди. Туман ҳокими кубоги ғолиблари Хитой Халқ Республикасига сафарга кузатиб қўйилди.
Математика ва инглиз тили фанлари бўйича ўтказилган беллашувда юқори натижа кўрсатган ёшларни Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов, нуронийлар ва жамоатчилик фаоллари тантанали равишда кузатиб қўйди.

Арнасой туманида анъанага айланаётган ушбу танлов ёшларнинг билимга интилишини рағбатлантиришга қаратилган. Илк бор ўтказилган беллашувда инглиз тили бўйича билимлар синовдан ўтказилган эди. Жорий йилда эса математика фани ҳам танлов дастурига киритилди. Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими маълумотларига кўра, жорий йилги беллашувларда қарийб 4 минг нафар ўқувчи ўз билимини синовдан ўтказди.

Эътиборли жиҳати, лойиҳа қамрови келгусида янада кенгайтирилади. Келгуси йилдан китобхонлик йўналишида ҳам алоҳида танлов ташкил этилиши таъкидланди.

Бундай ташаббуслар ёшларнинг билим олишга қизиқишини кучайтириш, иқтидорини юзага чиқариш ва янги марраларга интилишини қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади. Зеро, билимга берилган эътибор келажак авлоднинг интеллектуал салоҳиятига қўшилган сармоядир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири