Анорчилик – маҳалла драйвери (+видео)
Серқуёш она заминимизда етиштирилаётган мева ва сабзавотлар ўзининг хуштаъмлиги ва табиий витаминларга бойлиги, харидорлиги билан ажралиб туради. Шу боис йил – ўн икки ой бозорларимиз сархил меваларга тўла.
Бугунги кунда Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида 1860 гектар ҳудудда боғ мавжуд бўлиб, фермер хўжаликлари томонидан 46 гектар майдонда анор меваси етиштирилмоқда.
“Армижон” маҳалла фуқаролар йиғинида эса 402 та хонадон бўлиб, уларда 1775 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла азалдан анорчиликка ихтисослашган ҳудуд сифатида ном қозонган. Ҳар бир оилада 10-25 сотихгача анорзорлар мавжуд бўлиб, гектаридан 30-40 тоннагача анор етиштирилмоқда. Навоий вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ҳамда туман бўлими ходимлари ҳам анор кўчатларини экишдан бошлаб, пишиб етилгунича, уни сотиш, харидор топишда аҳолига кўмакдош бўлиб келмоқда.
– Ушбу маҳалла аҳолиси нафақат анор мевасини етиштириш, балки анор кўчатини етиштириш борасида ҳам вилоятда етакчилик қилади, – дейди вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бош мутахассиси Охунжон Облоқулов. – Бугун аҳоли хонадонлари, тадбиркорларимиз ҳамда анор етиштирувчилар билан яқиндан суҳбат олиб борилиб, уларни экспортёр корхоналарга йўналтириш ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳаракат қиляпмиз.
[gallery-19424]
– Анорнинг 4-5 хил навини экамиз, – дейди Шомурод Умаров. – Умумий ер майдоним 25 сотих, унинг 15 гектарига анор экканман. 3 сотихида кўчат етиштираман. Маҳалламиз бўйича қарийб 70-80 мингта кўчат экилган. Сотишга тайёр. Ҳар бир хонадонда 3-4 мингтадан кўчат бор. Ўзимда эса 4,5 мингта кўчат мавжуд. Даромади жуда яхши. Президентимиз ҳар бир сотих ердан 2-3 миллион сўмдан даромад қилинглар деяпти. Анордан сотихидан 4,5-5 миллион сўмгача даромад қилса бўлади. Бир сотих ерга 1,5 мингта кўчат экилади. 3 сотих ерга 4,5 мингта кўчат экилади. Унинг даромадини ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг.
Зайниддин Қосимов ҳам ана шундай “анорчи”лардан бири. Қарийб 40 йил телерадио устахонасида ишлаб пенсияга чиққач, ота-боболари касби – анорчилик билан шуғуллана бошлади. Айни пайтда ҳовлисида 75 туп анор дарахти мавжуд. Ҳар йили 25-30 миллион сўм атрофида даромад олади.
– Нафақага чиққанимдан буён анорчилик билан шуғулланаман, – дейди Зайниддин Қосимов. – Ҳар йили бозорга 2-3 тонна анор олиб чиқиб сотамиз. Мана шунинг орқасидан иморатлар қуряпмиз. Ўғил-қизларни ўқитиб, яхши жойларга ишга жойлаштирдик. Замонимиз тинч, меҳнат қилган одам ҳеч қачон элдан орқада қолмайди. Топганларимизни тўйларга, яхши кунларга ишлатиб юрибмиз.
Анорнинг хусусиятлари ҳақида кўп эшитганмиз. Шоира Увайсийга ҳам илҳом бахш этган бу мева табиат инъомидир. Армижонликларнинг эса бугун шу мевани дунё бозорларига олиб чиқаётгани барчамизга фахр бағишлайди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/timn1sErflk" title="Anorchilik – mahalla drayveri" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, С.Аслонов (сурат+видео), ЎзА мухбирлари