Андижонлик ёшларга халқаро таълим имкониятлари таништирилди
Андижон шаҳридаги Президент мактабида “Эл-юрт умиди” жамғармасининг стипендия дастурлари ҳамда ёшларнинг нуфузли хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятларига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.
Тадбирда жамғарма вакиллари, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, шунингдек, умумтаълим ва хусусий мактаблар ўқувчилари ҳамда “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастури иштирокчилари қатнашди.
Учрашувда мамлакатимизда иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг хорижда замонавий билим ва илғор тажриба орттириши учун яратилаётган шарт-шароитлар хусусида атрофлича маълумот берилди.
Хусусан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил олиш учун тақдим этилаётган стипендия дастурлари, уларда иштирок этиш шартлари, танлов жараёнлари ҳамда номзодларни саралаш мезонлари тушунтирилди.
Шунингдек, стипендия дастурлари доирасида таълим олиш билан боғлиқ харажатлар, жумладан, контракт тўловлари, авиачипталар, ўқув ва илмий адабиётлар учун сарфланадиган маблағларни молиялаштириш тартиби ҳақида сўз юритилди.
Мулоқот давомида хорижнинг етакчи олий таълим муассасаларида эгалланган билим ва тажрибани юртимиз тараққиётига йўналтириш, замонавий билим ва кўникмаларга эга, рақобатбардош мутахассисларни тайёрлашнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-31983]
Тадбир савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган халқаро таълим дастурлари, стипендия танловларида иштирок этиш тартиби ва академик имкониятлар юзасидан мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Таъкидланганидек, бундай учрашувлар ёшларнинг халқаро таълим имкониятлари ҳақидаги билим ва тасаввурларини кенгайтириш, уларни ўз олдига юксак мақсадлар қўйишга ундаш ҳамда келгусида малакали мутахассис бўлиб етишишига хизмат қилади.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА