Андижонда грант лойиҳалари бўйича семинар ўтказилди
Андижонда давлат гранти танловига лойиҳалар тайёрлаш ва тақдим этиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди вилоят бўлими ташаббуси билан ўтказилган тадбирда нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда оммавий ахбороти воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинарда фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, субсидия, давлат гранти кўринишида молиявий кўмак бериш кўлами ва ҳажми ортиб бораётганлиги, уларнинг фаоллигини ошириш, мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган зарур ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
[gallery-29652]
Тадбирда вилоятдаги фуқаролик жамияти институтларининг давлат грант танловларидаги иштироки, грант лойиҳаларини амалга ошириш борасида фаолиятлари таҳлил қилинди.
– Айни кунда Андижон вилоятида 600 дан ортиқ фуқаролик жамияти институтлари, 20 дан зиёд электрон ва босма оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди вилоят бўлими раҳбари Зарифахон Аҳмедова. – Ҳозирда давлат грант танловларида ғолиб бўлган ўндан ортиқ ННТ ва оммавий ахборот воситаси ўзларининг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширди.
Семинарда фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳаллаларнинг грант танловларида фаол иштирок этиши, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди, шунингдек, мутахассислар томонидан Жамоат фондининг ngo.go.uz платформасидан фойдаланиш тартиби, грант ва ижтимоий буюртмалар бўйича аризаларни электрон шаклда тақдим этиш жараёнлари ҳақида маълумот ва тавсиялар берилди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.