Фарғона тарихий натижага эришди: бир ҳудуд икки халқаро рейтинг эътирофида
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотлар янги босқичга чиқиб, ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлиги ва молиявий салоҳияти халқаро даражада эътироф этилмоқда. Бу жараён айниқса вилоятлар халқаро кредит рейтингларини қўлга киритаётганида ҳам яққол намоён.
Шу жиҳатдан Фарғона вилояти “Fitch Ratings” агентлиги томонидан “BB-Барқарор” рейтингига муносиб деб топилиши муҳим воқеликдир. Ушбу вилоят мамлакатимизнинг бир вақтда икки нуфузли халқаро рейтингга эга бўлган илк ҳудудига айланди.
Айни мавзуда иқтисодиёт фанлари номзоди, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ректори вазифасини бажарувчи Муҳсинжон Холмуҳамедов билан видео суҳбат уюштирдик.
Мутахассис фикрича, мазкур баҳо Фарғона вилоятида молиявий бошқарув, бюджет интизоми ва иқтисодий фаоллик самарадорлиги тобора мустаҳкамланаётганини англатади. Айниқса, саноат ишлаб чиқариши, қишлоқ хўжалиги юксалаётгани, тадбиркорлик муҳити яхшиланаётгани халқаро агентликлар эътиборини тортган асосий омиллардир.
Мулоқот давомида халқаро рейтинглар инвесторлар ишончини ошириш, инфратузилма лойиҳалари учун янги молиявий имкониятлар яратиш ҳамда ташқи иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Қайд этиш жоиз, Фарғона вилояти 2025 йил “S&P Global Ratings” агентлиги “BB-” рейтингини олган эди. “Fitch Ratings” томонидан берилган навбатдаги даража эса ҳудуднинг халқаро молия бозоридаги барқарор ва ишончли ўрнини янада кучайтирди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/q8H1UEQNLx8?si=e21wwoyMn4X0mRqh" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мусулмон Зиё,
Искандар Исматов (видео), ЎзА