Anadolu: Нетаньяху Трампни Эронга янги зарба беришга ундамоқда
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ Президенти Дональд Трампни Эрон ҳудудига имкон қадар тезроқ яна ҳарбий зарба бериш учун кўндиришга ҳаракат қиляпти.
Исроилнинг KAN давлат телерадиокомпанияси вазиятдан хабардор шахсларга таяниб хабар беришича, Оқ уй раҳбари ҳозирча бу масалада якуний хулоса чиқармаган. Маъмурият билан мулоқотда бўлган манбалар таъкидлашича, Трамп қарор қабул қилишда шошилиш ниятида эмас.
Якшанба куни Президентнинг ўзи ҳам Ислом Республикаси билан келишувга эришилмаса, 1 январдан кейин ҳужумга буйруқ бериши мумкинлигини билдирган. Аввалроқ, 19 ноябрь куни KAN телеканали Нетаньяху Вашингтонга босим ўтказиб, 4-7 кун давом этадиган қўшма ҳаво амалиёти ўтказишни талаб қилаётгани ҳақида хабар берган эди.
Маълумотга кўра, Исроил ҳукумати раҳбари бу қадар шошилиши АҚШ йил охиригача минтақадаги ҳарбий иштирокини қисқартириши мумкинлиги ҳақидаги хавотир билан боғлиқ. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари эса мухолифат етакчиси Гади Айзенкот ҳукумат тузишига тўсқинлик қилишга уринишда айбланаётган Нетаньяху Эронга қарши яна ҳужум бошлаш ниятидан қайтмаётганини ёзмоқда. Армия қўмондонлиги эса Қўшма Штатлар билан тўлиқ мувофиқлаштирмасдан туриб, Эронга нисбатан ҳеч қандай ҳарбий ҳаракат бошламаслик зарурлигини таъкидламоқда. Шунингдек, узоқ давом этадиган ва кучларни ҳолдан тойдирадиган урушга киришиб кетиш хавфидан огоҳлантирган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА