Иордания Ўзбекистон билан савдо келишувини имзолашга тайёргарлик кўрмоқда
Иордания Ўзбекистон билан имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни имзолашга ҳамда икки давлат ишбилармон доиралари форумини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. Иорданиянинг "Петра" давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, мазкур тадбирлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иорданияга давлат ташрифи доирасида ташкил этилади.
Қайд этилишича, Иордания саноат, савдо ва таъминот вазири Яруб Қудаҳ Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан учрашувда мазкур тадбирларга тайёргарликнинг якуний масалаларини муҳокама қилган.
Яруб Қудаҳ Ўзбекистон Президентининг ташрифини икки томонлама иқтисодий алоқалар тарихидаги муҳим воқеа сифатида баҳолаган. Унинг таъкидлашича, бизнес-форум хусусий сектор вакилларига қўшма лойиҳаларни атрофлича муҳокама қилиш учун қулай майдон яратади. Ўз навбатида, Ўзбекистон томони ҳам иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги шерикликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирган.
Мулоқот давомида қўшма сармоявий ва ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш учун устувор йўналишлар белгилаб олинган. Улар қаторига фармацевтика, озиқ-овқатни қайта ишлаш, кимё, тўқимачилик, тоғ-кон саноати, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш, энергетика, транспорт ва логистика соҳалари киритилган.
Иордания нашри ушбу битим ва бизнес-форумни икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда тадбиркорлар ўртасида истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларини йўлга қўйиш учун муҳим имконият сифатида ёритган.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА