Амина Маҳмудова — халқаро «Татар қизи— 2026» танлови ғолибаси (+Видео)
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 7 октябрь куни Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳридаги «Руҳият» саройида халқаро «Татар қизи — 2026» танловининг финал босқичи бўлиб ўтди.
Унда Россия, Туркия, Қирғизистон ва Туркманистон каби давлатлардан 12 нафар қиз иштирок этиб, ўз халқларининг миллий анъаналари, маданияти ва ижодий маҳоратини намойиш этди.
Танловнинг асосий мақсади миллий урф-одатларни асраб-авайлаш, ёшлар ўртасида дўстлик ва ўзаро маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.
Қувонарлиси, мазкур нуфузли танловда Ўзбекистон вакили, 19 ёшли Амина Маҳмудова бош соврин — Гран-при соҳибаси деб топилди. Унинг ғалабаси юртимиздаги кўп миллатли маданият, миллий қадриятлар ва ёшлар истеъдодига берилаётган эътиборнинг ёрқин ифодасидир.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси масъул ходимлари, дипломатик корпус ва миллий маданий марказлар вакиллари иштирокида Амина Маҳмудовани тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди.
Маросимда миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси Қаҳрамон Сариев ҳамда бошқа расмийлар иштирокчиларни қутлаб, Аминанинг халқаро майдондаги ютуғи халқимиз учун катта фахр ва қувонч эканини таъкидладилар.
Шунингдек, танловдаги ғалабаси муносабати билан Амина Маҳмудовага Туркманистон Президенти номидан "Zeekr"автомобили совға қилинди. Бу ёш истеъдоднинг меҳнати ва маҳоратига кўрсатилган юксак эътибор рамзидир.
Аминанинг ғалабаси нафақат унинг шахсий ютуғи, балки Ўзбекистон ва татар халқи ўртасидаги маданий алоқалар, дўстлик ва ўзаро ҳурматнинг ҳам муҳим ифодасидир. Унинг муваффақияти ёшларимизни миллий қадриятларни асрашга, ўз истеъдодини ривожлантиришга ва халқаро майдонда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга руҳлантиради.
Н. Раҳмонова, О.Давронов (видео), С.Обиджонов(монтаж), ЎзА