Америкалик учувчини қутқариш амалиёти муваффақиятли якунлангани эълон қилинди
АҚШ Президенти Дональд Трамп сўзларига кўра, жароҳатланган зобит энди хавфсиз ҳолатда. Трамп бу бир неча кун ичида икки америкалик учувчи душман ҳудудидан алоҳида қутқарилган иккинчи амалиёт эканини таъкидлаб, Америка Эрон устидан юқори даражада ҳаво устунлигига эгалигини алоҳида қайд этди.
Етакчи ижтимоий тармоқ саҳифасида америкалик учувчи Эронда қутқарилишининг янги тафсилотини ҳам ошкор қилди:
– Эрон тоғида оғир жароҳатланган, чинакамига жасур Ғ-15 экипажи аъзоси ва зобитни қутқардик. Рақиб ҳарбийлари тинмасдан қидирув олиб боришди ва яқинлашиб келишди. У ҳурматга лойиқ полковник.

Трамп одамлар ва техника учун хавфли бўлгани туфайли бундай рейдлар камдан-кам ҳолларда амалга оширилишини қўшимча қилди:
– Бу шунчаки содир бўлмайди! Биринчи рейддан кейин ташкил қилинган ғайриоддий иккинчи рейдда учувчи кундузи қутқарилди. Эрон узра 7 соат вақт ўтказдик. Барча иштирокчилар ажойиб жасорат ва истеъдод намунасини намойиш этишди!
Шу муносабат билан Оқ уй раҳбари Овал кабинетда ҳарбий амалдорлар билан матбуот анжумани ўтказишини эълон қилди. Марказий разведка бошқармаси (МРБ) америкалик зобитни қутқариш учун Ислом Республикаси бўйлаб ёлғон хабар тарқатиш (дезинформация) амалиёти ўтказганини маълум қилди.

АҚШнинг юқори лавозимли амалдори “Fox News” телеканалида Америка разведка агентликлари самолёт ҳалокатидан кейин Эрон ҳудудида қолган зобитни қутқариш учун кенг кўламли дезинформация амалиёти ўтказилганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳарбий хизматчи топилишидан олдин ҳам МРБ АҚШ кучлари аллақачон зобитни топгани ва эвакуация қилишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида ёлғон маълумот тарқата бошлаган. Таъкидланишича, бу амалиёт Эрон расмийларини чалғитишга хизмат қилган ва АҚШга ҳақиқий қидирув учун қўшимча вақт берган.
– Охир-оқибат зобит МРБнинг ноёб ва илғор имконияти ёрдамида топилди, – дейилган хабарда.
Олинган маълумот тезда Оқ уйга етказилган. Кейин Трамп зудлик билан қутқарув амалиётини бошлаш юзасидан кўрсатма берган.
Жараён Марказий қўмондонлик – CЕNТCОМ томонидан мувофиқлаштирилгани айтиляпти.
Манбага кўра, мазкур амалиёт “сомон орасидан игна қидириш” каби мураккаб. Зобит узоқ тоғ дарасида яширинган, рақибда уни топиш имкони бўлмаган.
С.Раҳимов, ЎзА