Факт ва рақам: Қайси давлатлар энг кўп қурол экспорт қилади?
Глобал хавфсизлик ва геосиёсий мувозанатни тушунишда рақамлар энг ишончли мезон ҳисобланади, чунки айнан статистика давлатлар ўртасидаги асл куч нисбатини намоён этади. “Факт ва рақам” рукнида халқаро муносабат, ҳарбий салоҳият ва стратегик ресурсларга оид маълумотлар нуфузли манбаларга таянган ҳолда таҳлил қилинади. Факт шунчаки тақдим этилмайди, балки сонлар орқали дунё тартиби, куч марказлари ва хавфсизлик чизмаси қандай шаклланаётгани очиб берилади. Шу тариқа ўқувчи рақам орқали геосиёсий манзарани тўлиқ англайди.
Глобал қурол бозори ва етакчи давлатлар
Сўнгги маълумотларга кўра, дунё қурол экспортида мутлақ етакчи давлат ҳисобланадиган АҚШ умумий миқдорнинг тахминан 40-42 фоизини таъминлайди. Кейинги ўринларда Франция – 10-11, Россия – 9-10, Хитой – 5-6 ваГермания – 4-5 фоиз. Ушбу беш мамлакат биргаликда дунё қурол экспортининг қарийб 70 фоиздан ортиғини назорат қилади. Демак, бу бозорда монополия кучли. Италия, Буюк Британия, Испания, Исроил ва Жанубий Корея ҳам муҳим экспортёрлар қаторида тилга олинади.
АҚШ етакчилиги тасодифий эмас. Зеро, дунёдаги энг ривожланган ҳарбий-саноат мажмуасига эга мазкур мамлакат жуда кўп армияларга юқори технологияли қуроллар – қирувчи самолёт, ракета тизими ва ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари етказиб беради. Америка қуроли асосий харидорлари орасида Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Қатар ва Европа давлатлари бор. Шу тариқа бу юрт глобал ҳарбий иттифоқлардаги ўрнини мустаҳкамлаган. Мутахассислар таъкидлашича, Қўшма Штатлар қурол экспорти орқали геосиёсий таъсирини кенгайтириб келмоқда. Шу жиҳатдан қурол савдоси ташқи сиёсатнинг муҳим воситасига айланган.
Франция сўнгги йилларда қурол экспорти бўйича иккинчи ўринга чиқиб, соҳада сезиларли ўсишга эришди. Мамлакат асосан ҳарбий авиация, айниқса “Rafale” қирувчи самолётлари экспорти орқали ўз позициясини мустаҳкамлади. Анъанавий равишда йирик экспортёр қаторида тан олинган Россиянинг сўнгги йилларда геосиёсий вазият ва санкция сабаб улуши қисқарган. Хитой арзон ва технология жиҳатидан рақобатбардош қуроллар таклиф қилиб, ривожланаётган давлатлар бозорида тобора ўз ўрнини кенгайтирмоқда. Германия эса асосан денгиз техникаси ва зирҳли транспорт воситалари экспорти билан ажралиб туради.
Рақамлардан кўриниб турибдики, қурол экспорти глобал кучлар ўртасидаги рақобатнинг муҳим қисми сифатида иқтисодий ва сиёсий манфаатларни бирлаштиради. Аслаҳа савдоси орқали давлатлар ўз таъсир доирасини кенгайтиришга ҳаракат қилаётгани яққол намоён бўлмоқда. Демак, қурол экспорти фақат иқтисодий эмас, балки стратегик ва геосиёсий аҳамиятга эга соҳа.
Қурол импорти, геосиёсий таъсир ва глобал тенденциялар
Қурол экспортини тўлиқ тушуниш учун танганинг иккинчи томони – импортчи давлат ва талаб доирасини таҳлил қилиш муҳим. Зеро, айнан талаб бозорни шакллантиради. SIPRI маълумотига кўра, дунёда энг кўп қурол харид қилувчи давлатлар орасида Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Қатар, Австралия ва Хитой етакчилик қилмоқда. Айниқса, Ҳиндистон кўп йиллардан бери энг йирик импортёр сифатида қайд этилиб, ўз армиясини такомиллаштириш учун турли давлатлардан қурол сотиб олмоқда. Яқин Шарқ давлатлари эса хавфсизлик таҳдиди ва минтақавий рақобат сабаб кўп қурол харид қиляпти.
Сўнгги йилларда қурол импорти географиясида сезиларли ўзгариш кузатилиб, Европа давлатлари улуши ҳам кескин ошди. Хусусан, Россия – Украина уруши туфайли кўҳна қитъа давлатлари ҳарбий салоҳиятни кучайтиришга алоҳида эътибор қарата бошлади ва қурол харидини бир неча карра оширди. Мутахассислар таъкидлашича, 2022-2025 йиллари Европага қурол йўналтириш сезиларли даражада ўсган ва бу тенденция яқин йилларда сақланиб қолади. Шу билан бирга НАТО давлатлари ўртасида ҳарбий ҳамкорлик кучайиб, қурол бозорида янги мувозанат шаклланмоқда.
Қурол савдоси фақат иқтисодий фойда эмас, балки сиёсий таъсир воситаси сифатида ҳам катта аҳамиятга эга. Яъни, экспортчи харидор билан узоқ муддатли стратегик муносабат ўрнатади. Масалан, АҚШ қурол экспорти орқали иттифоқчилари билан ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлайди ва хавфсизлик сиёсатига таъсир ўтказиш имконига эга бўлади. Шунингдек, қурол етказиб бериш кўпинча сиёсий қарор, ҳарбий келишув ва геосиёсий манфаат билан боғлиқ ҳолда амалга оширилади. Демак, қурол савдоси глобал сиёсатнинг муҳим воситаси ҳисобланади.
Қурол экспорти бозорида технология омили тобора муҳим аҳамият касб этмоқда, чунки замонавий урушда юқори технология ҳал қилувчи аҳамият касб этган. Дрон, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими, кибер хавфсизлик воситалари ва сунъий интеллектга асосланган ҳарбий технология бугунги кунда энг талабгир маҳсулотга айланган. Шу боис қурол экспорт қилувчи давлатлар нафақат миқдор, балки сифат ва инновация бўйича ҳам рақобатлашмоқда. Бу эса келажакда қурол бозорида илғор технологияга эга давлатлар устунликка эришишини кўрсатади.
Халқаро таҳлилга кўра, глобал қурол савдоси сўнгги йилларда барқарор ўсиш намоён этмоқда. Бу даража асосан геосиёсий кескинлик билан боғлиқ. Яқин Шарқ, Шарқий Европа ва Осиё-Тинч океани минтақаларидаги хавфсизлик муаммоси қуролга нисбатан талабни ошириб, бозорни янада фаоллаштирмоқда. Мутахассислар таъкидлашича, агар геосиёсий вазият барқарорлашмаса, қурол савдоси келгуси йилларда ҳам юқори даражада сақланади.
Хулоса қилиб айтганда, қурол экспорти ва импорти глобал хавфсизлик тизимининг ажралмас қисми ўлароқ давлатлар аро муносабатни белгилаб беради. Қурол савдоси орқали мамлакатлар нафақат иқтисодий фойда олади, балки ўз таъсир доирасини кенгайтиради, стратегик позициясини мустаҳкамлайди. Шу нуқтаи назардан қурол бозори XXI аср геосиёсий рақобатининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА