Венгриялик жарроҳ кўчада юрак операциясини ўтказиб, беморнинг ҳаётини сақлаб қолди
Миллий онкология институти бош шифокори, венгриялик жарроҳ Жольт Дубоцки кўчада мисли кўрилмаган ноёб жарроҳлик амалиётини ўтказиб, юрагига пичоқ санчилган беморнинг ҳаётини сақлаб қолди, дея хабар берган мазкур муассаса маъмурияти.
Дубоцки севимли машғулоти - тез тиббий ёрдам вертолётида шаҳар узра айланиш билан банд эди. Шу он экипаж 30 ёшли эркак дуч келган бахтсизлик ҳақида хабар олди.
Воқеа жойига етиб келингач, ташхис аниқ бўлди: беморнинг бир неча дақиқа умри қолган, касалхонагача етмаслиги аниқ. Ўз касбининг ҳақиқий устаси ҳисобланган шифокор қатъий қарорга келди: тез тиббий ёрдам қоидасига амал қилиб, жарроҳлик амалиётини дарҳол, жойида бажариш керак!
Хуллас, жарроҳ ярадорнинг кўкрагини махсус операция хонаси ёки замонавий жиҳозларсиз кўчада очди ва етти дақиқада уриб турган юракни тикиб, бемор аҳволини кейинги даво усулларигача барқарорлаштирди.
- Бу Венгрияда мисли кўрилмаган ва ҳатто Европада ҳам кам учрайдиган тиббий тадбир, - дея таъкидланган институт хабарида.
Дубоцки ҳодисага изоҳ берар экан, шошилинч тиббий ёрдам билан боғлиқ айрим ҳолларда тўлиқ стериллик ва микроблар йўқотилишини таъминлаш асосий мезон эмаслиги, тезлик ва самарадорлик жуда муҳимлигини қўшимча қилган.
С.Раҳимов, ЎзА