Амазонкада ёнғинлар камайди, аммо…
Бразилиянинг Амазонка ўрмонларида 2025 йил давомида кузатилган ёнғинлар сўнгги қирқ йилдаги энг паст даражага тушди. Атроф-муҳитни мониторинг қилувчи “MapBiomas” тармоғи ҳисоботига кўра, спутник кузатувлари натижасида куйган майдон 3,1 миллион гектарни ташкил этган. Бу 1985 йилдан бери қайд этилган энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Мутахассислар бундай натижани ўрмонларни кесиш суръатининг пасайиши билан боғламоқда.
Дарахт кесилган ҳудудлар камайгани сабабли олов тез тарқалиши учун зарур бўлган қуруқ ўсимликлар ҳам анча қисқарди. Бу эса табиий экотизимнинг барқарорлашишига хизмат қилди. Тадқиқот раҳбари Ане Аленкар фикрича, 2024 йил охири ва 2025 йил бошида ёмғир мавсумининг кечикиши қишлоқ хўжалиги ерларини ёқиш учун одатда шаклланадиган қулай даврни издан чиқарган. Шунингдек, ўтган йилги йирик фалокатдан кейин маҳаллий аҳоли эҳтиёткорликни кучайтиргани ҳам ижобий натижа берган.
Олимлар вазият узоқ муддат барқарор қолишига кафолат йўқлигини таъкидламоқда. АҚШнинг Миллий океан ва атмосфера маъмурияти жорий йил ёзида Эль-Ниньо иқлим ҳодисаси шаклланиш эҳтимолини 62 фоиз деб баҳолаган. Агар у кучли босқичга ўтса, мутахассислар шартли равишда “супер Эль-Ниньо” деб атайдиган жараён юзага келиши мумкин. Бу эса Амазонкада қурғоқчиликнинг чўзилиши ва ёнғинлар хавфининг яна ортишига сабаб бўлади.
Сўнгги йилларда Бразилия ҳукумати ўрмонларни муҳофаза қилишни давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айлантирди. Президент Луис Инасиу Лула да Силва 2030 йилгача ўрмонларни ноқонуний кесишга барҳам бериш мақсадини илгари сурган эди. Дастлабки натижалар ушбу сиёсат самара бераётганини кўрсатмоқда. Шунга қарамасдан, Амазонка соҳиллари яқинида нефть қидирув ишларининг олиб борилиши экологик ташкилотлар танқидига сабаб бўлиб қолмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА