ФИФА Аргентина терма жамоаси ва футболчиларига қарши интизомий иш очди
Халқаро футбол уюшмалари федерацияси (ФИФА) 2026 йилги жаҳон чемпионати ярим финалида Англия устидан қозонилган 2:1 ҳисобидаги ғалабадан сўнг майдонда Фолкленд (Мальвин) оролларига оид ёзув кўтариб чиққани учун Аргентина футбол уюшмаси (АФА)га нисбатан интизомий иш қўзғатди.
Бу ҳақда “Sky” нашри ижтимоий тармоқ саҳифасида хабар берди. Маълум қилинишича, аргентиналик футболчилар майдонга “Мальвин ороллари Аргентинага қарашли” деган ёзувли плакат олиб чиқишган.
Бундан ташқари ФИФА Испанияга қарши кечган финал ўйинидан сўнг ножўя ҳатти-ҳаракат содир этган Аргентина терма жамоаси аъзолари Науэль Молина, Леандро Паредес ва Тьяго Альмадага нисбатан ҳам алоҳида суриштирув бошлаган.
Баҳс якунлангач, Паредес аввал рақиб ҳимоячиси Эрик Гарсиянинг бўйнидан бўғиб, сўнг ярим ҳимоячи Гавини итариб юборган, Молина эса ғалабани нишонлаётган Родрини йиқитишга уринган.
Эслатиб ўтамиз, Буэнос-Айрес ва Лондон ўртасида Фолкленд ороли бўйича ҳудудий низо ҳалигача давом этмоқда. Аргентина архипелагни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди, Буюк Британия эса 1833 йилдан бери оролни бошқариб келади. 1982 йил ушбу келишмовчилик қуролли тўқнашувга айланиб, британлар ғалабаси билан якунланган. Шундан бери Аргентина БМТ орқали орол мақомини қайта кўриб чиқишга уриниб келади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА