Анқарадаги учрашувда кутилмаган ҳодиса: Ироқ вазири ҳужжатни имзолашдан бош тортди
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ва Ироқ Бош вазири Али Зайдийнинг Анқарадаги музокараси якунида ўтказилган шартномаларни имзолаш маросими кутилмаган воқеа билан ёдда қолди.
Тўғридан-тўғри эфир пайти Ироқ транспорт вазири Ваҳоб Салмон Муҳаммад “Тараққиёт йўли” йирик лойиҳасига оид ҳужжатга қўл қўйишни истамади. Тадбирда дастлабки уч битим имзоланиб, тадбир якунлангани эълон қилингач, Эрдоған ҳайрон бўлиб “Ҳужжатлар бешта эмасмиди?”, дея савол берган. Шундан сўнг Ироқ делегацияси орасида мунозара бошланиб, транспорт вазири тегишли меморандумни имзоламагани аён бўлди.
Айни ҳолат томонлар ўртасида сиёсий келишмовчилик борлиги ҳақидаги шубҳани келтириб чиқарган бўлса-да, кейинчалик ҳодиса қисқа муддатли техник тушунмовчилик сабаб юз бергани айтилди.
Али Зайдий таржимонга юзланиб “Президентга айтинг, мен вазирга ҳужжатни имзолашни буюрдим”, деди. Шундан кейин вазир столга қайтиб, туркиялик ҳамкасби Ўрал ўғли билан бирга транспорт соҳасига оид икки битимни имзолади.
Айрим тахминларга кўра, вазирнинг бундай ҳаракати ортида ташқи кучлар таъсири турган бўлиши мумкин. Ваҳоб Салмон Муҳаммад Эрон билан яқин алоқага эгалиги идда қилинадиган “Бадр” ташкилоти юқори мартабали вакили ҳисобланади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА