Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси аҳоли ҳамда тадбиркорларни огоҳликка чақирди
Сўнгги вақтларда бозорларда рухсат берувчи ҳужжатларсиз, мажбурий рақамли маркировка ҳамда мувофиқлик сертификатларисиз маҳсулотларни муомалага чиқариш ҳолатлари тез-тез аниқланмоқда. Шу боис, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси тадбиркорлик субъектлари ҳамда истеъмолчиларни маҳсулотларни харид қилишда алоҳида эҳтиёткор ва масъулиятли бўлишга чақирмоқда.
Таъкидланганидек, бундай нохуш ҳолатларнинг қурбонига айланмаслик учун маҳсулотларни сотиб олишдан аввал мажбурий рақамли маркировканинг мавжудлигига, кузатув ҳужжатлари ва мувофиқлик сертификатларининг расмийлаштирилганлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Шунингдек, маҳсулот келиб чиқишининг қонунийлиги ва унинг расмий манбалар орқали етказиб берилганлигини текшириш, расмий ишлаб чиқарувчи ёки улгуржи сотувчилардан эса фақатгина ҳисоб-фактура орқали харид қилиш тавсия этилади.
Бугунги кунда истеъмолчилар учун маҳсулотнинг ҳақиқийлигини “Asl Belgisi” ва “Soliq” мобиль иловалари орқали тезкор ҳамда мутлақо бепул текшириш имконияти яратилган. Мазкур замонавий иловалар ёрдамида қисқа вақт ичида маҳсулот ҳақидаги барча батафсил маълумотлар билан танишиш ва унинг қонуний муомалада эканлигини осонгина аниқлаш мумкин.
Жамиятда қалбаки алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уни муомалага киритиш қонун билан қатъиян тақиқланишини ва бу жиддий жавобгарликка сабаб бўлишини унутмаслик лозим. Шу боис, инспекция қалбаки, акциз маркасиз ёки қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ҳамда ноқонуний айланишининг олдини олишда барча юртдошларимизни фаол ва ҳушёр бўлишга чақиради.
М.Қосимова, ЎзА