Энг енгилмас кучимиз — маънавият
Мустақиллик — ҳар қандай халқнинг нафақат сиёсий эркинлиги, балки унинг миллий ўзлигини англаши, асрий қадриятларини тиклаши ва маънавий юксалиши учун кенг имкониятлар эшигини очадиган бебаҳо неъмат, буюк тарихий воқеликдир.
Жонажон ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ 35 йиллик тўйи арафасида босиб ўтилган шонли тараққиёт йўлига назар ташлар эканмиз, мамлакатимизда миллий қадриятларни асраш, тарихий хотирани уйғотиш ва маънавий-маърифий соҳани тубдан янги босқичга олиб чиқиш борасида асрларга татигулик улкан ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўламиз. Айниқса, кейинги йилларда маънавиятни жамиятни ҳаракатлантирувчи кучга, ислоҳотларнинг энг таъсирчан ва қудратли қуролига айлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланди. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Биз Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш борасидаги миллий ғоямизни амалга оширишда, аввало, мана шундай қудратли маънавий кучга, аждодларимизнинг бебаҳо меросига таянамиз.

Бугун Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, халқ манфаатларини таъминлаш ва маънавий тараққиётни мустаҳкамлаш давлатимиз мустақиллигининг энг бош кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг: "Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир", деган чуқур маъноли, фалсафий концепцияси юртимиздаги барча янгиланишларнинг туб мазмун-моҳиятига айланди. Мазкур улуғвор ғоя мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаётбахш кучини ифода этади. Зеро, иқтисодий ва технологик тараққиёт қанчалик муҳим бўлмасин, у маънавий баркамоллик, инсоний фазилатлар ва миллий қадриятларга таянмаса, жамиятда барқарор юксалишни ҳамда келажак авлод осойишталигини таъминлай олмайди.
Миллий қадриятлар — халқнинг кўп асрлик тарихи, урф-одатлари, анъаналари, она тили, муқаддас дини, бой маданияти ва маънавий меросини ўзида мужассам этган беқиёс бойликдир. Буюк аждодларимиз ҳам жамият ва давлат тараққиётида маънавиятнинг ҳал қилувчи ўрнига алоҳида эътибор қаратганлар. Хусусан, шарқнинг буюк мутафаккири Абу Наср Форобий: "Инсон камолоти жамият камолоти билан чамбарчас боғлиқдир", дея таъкидлаган бўлса, сўз мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоий: "Одамий эрсанг, демагил одамий, ониким йўқ халқ ғамидин ғами", деб инсонпарварлик, эл-юрт дарди билан яшаш ва жамият олдидаги масъулият ғояларини юксак босқичга кўтарган.

Бугун Янги Ўзбекистонда ана шу буюк маънавий мерос давлат ва жамият тараққиётининг муҳим таянчи сифатида намоён бўлмоқда. Кейинги йилларда юртимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳамда аҳоли, айниқса, ёш авлод ўртасида ёт ғояларга қарши мустаҳкам маънавий иммунитетни шакллантириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Республика Маънавият ва маърифат маркази, унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида ташкил этилаётган тарғибот тадбирлари халқимизнинг миллий ғурури, дахлдорлик ва ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.
Бу хайрли ва стратегик аҳамиятга молик жараёнларнинг амалий натижаларини Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Кейинги йилларда туманда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, таълим, тиббиёт, маданият, спорт ва инфратузилма соҳаларини тубдан ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Замонавий мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг барпо etилиши, энг чекка маҳаллаларда аҳоли учун қулай ва муносиб шарт-шароитлар яратилиши, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий дастурлар ҳамда маданий-маърифий лойиҳаларнинг мунтазам ташкил etилаётгани ислоҳотларнинг амалдаги намунасидир.
Хусусан, тумандаги барча маҳаллаларда изчил ўтказилаётган "Маънавият соатлари", китобхонлик акциялари, ижодий учрашувлар, таниқли зиёлилар, олимлар ва ижодкорлар иштирокидаги самимий мулоқотлар ҳамда миллий қадриятларимизни қадрлашга қаратилган тадбирлар аҳолининг, айниқса, уюшмаган ёшларнинг ижтимоий фаоллиги ва маънавий дунёқарашини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, миллий ўзлигини англаган, ўз тарихи ва қадриятларини чуқур биладиган халқни ҳеч қандай куч ўз йўлидан қайтара олмайди. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли янгиланишларнинг бош мақсади ҳам миллий қадриятларимизга таянган ҳолда, замонавий, очиқ, демократик ва ҳар томонлама тараққий этган жамият барпо этишдан иборатдир.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мустақилликнинг қутлуғ 35 йиллик байрами остонасида халқимизнинг асрий орзу-армонлари, бой маънавий мероси ва миллий қадриятлари асосида Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш йўлида эришилаётган тарихий ютуқлар ҳар бир юртдошимиз қалбида чексиз ифтихор ва юксак фуқаролик масъулиятини уйғотмоқда. Бугун олдимизда турган улуғвор вазифаларни бажариш ва глобал таҳдидларга қарши туришда маънавият энг енгилмас кучимиз бўлиб қолади. Президентимиз таъкидлаганларидек, бугунги тез ўзгараётган дунёда ким ютади? Маънавий жиҳатдан уйғоқ, ўз миллий манфаатини, миллий қадриятларини қатъий ҳимоя қила оладиган халқ ютади. Зеро, миллий қадриятлар барқарор, маънавий ҳаёт юксак бўлган жамиятда ҳамиша тинчлик, тараққиёт, миллатлараро тотувлик ва умумий фаровонлик бардавом бўлаверади. Бу йўлда фидокорона меҳнат қилиш эса ҳар бир зиёлининг, маънавият тарғиботчисининг муқаддас бурчидир.
Дилором Ғаффорова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Шофиркон туман бўлинмаси раҳбари