Онкологик касалликларнинг олдини олиш ва даволашда тиббий ҳушёрлик ҳамда халқаро ҳамкорлик
Онкологик касалликлар — организмдаги ҳужайраларнинг назоратсиз равишда бўлиниши, кўпайиши ва атрофдаги соғлом тўқималарга тарқалиб, уларни вайрон қилиши билан тавсифланувчи хавфли ўсимталар гуруҳидир. Бу хасталикнинг энг катта хавфи унинг дастлабки босқичларда деярли ҳеч қандай оғриқ ёки яққол белгиларсиз, яширин кечишидадир. Бемор ўзида сезиларли ўзгариш ҳис қилганида, касаллик кўпинча кечки босқичларга ўтиб улгурган бўлади. Бундан ташқари, саратон ҳужайралари қон ва лимфа томирлари орқали бутун танага тарқалиш, яъни метастаз бериш хусусиятига эга бўлиб, жараён бошқа аъзоларга ўтиб кетганда уни назорат қилиш каррасига қийинлашади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, онкологик хасталиклар ўлим кўрсаткичи бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Ҳар йили дунёда 20 миллионга яқин янги касалланиш ҳолати қайд этилади ва 10 миллионга яқин инсон ушбу дард оқибатида ҳаётдан кўз юмади. Ўзбекистонда ҳам бу кўрсаткич жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда. Мамлакатимизда ҳар йили 25 мингдан ортиқ кишида илк бор хавфли ўсимталар аниқланмоқда. Айниқса, аёллар ўртасида кўкрак бези ва бачадон бўйни саратони, эркакларда эса меъда, ўпка ва жигар саратони етакчи ўринларда турибди. Биздаги энг катта муаммолардан бири, беморларнинг шифокорга кеч, яъни касаллик ўтказиб юборилган даврда мурожаат қилишидир.
Аслида, замонавий тиббиёт саратон давосиз дард эмаслигини исботламоқда. Агар хасталик 1- ва 2-босқичларда, яъни эрта аниқланса, беморларнинг тўлиқ соғайиб кетиш ва узоқ йиллар соғлом ҳаёт кечириш эҳтимоли 80-90 фоиздан юқори бўлади. Бироқ касаллик 3- ва 4-босқичларда аниқланганда даволаш самарадорлиги кескин тушиб кетади. Бу вазиятда афсуски, тиббиётнинг мақсади беморни тўлиқ тузатиш эмас, балки унинг азобларини енгиллаштириш, яъни паллиатив ёрдам кўрсатиш билан чекланиб қолади. Дунё миқёсида беморларнинг тахминан 50 фоизи вақтида даволанмагани ёки шифокорга кеч боргани сабабли вафот этмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда онкология тизими тубдан янгиланиб, ҳудудларда замонавий скрининг марказлари ташкил этилди. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология маркази энг замонавий юқори технологияли ускуналар билан жиҳозланди. Илгари беморлар кимётерапия дорилари ёки мураккаб нур терапияси учун хорижга боришга мажбур бўлган бўлса, бугун бу муолажаларнинг катта қисми юртимизда давлат томонидан бепул ёки имтиёзли асосда амалга оширилмоқда. Бироқ аҳоли ўртасида тиббий маданият ва профилактик кўриклардан ўтиш кўникмасининг пастлиги ҳануз асосий муаммо бўлиб қолмоқда. Чекка ҳудудлардаги бирламчи тиббиёт бўғинларида онкологик ҳушёрликнинг етишмаслиги ва кадрлар танқислиги тизимни янада такомиллаштиришни талаб этмоқда.
– Айни шундай долзарб вазифаларни ҳал этиш мақсадида пойтахтимизда онкологик касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш ва даволаш тизимини такомиллаштириш ҳамда паллиатив тиббий ёрдам кўрсатиш масалаларига бағишланган халқаро семинар бўлиб ўтди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўмагида ташкил этилган ушбу тадбирда Президент Администрацияси масъуллари, Соғлиқни сақлаш вазирининг мутасаддилари ва ЖССТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари иштирок этди.
Анжуманда, шунингдек, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси, Лойиҳа хизматлари офиси, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, АҚШнинг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази, Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси ҳамда Германиянинг KfW банки каби нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, етакчи онколог-мутахассислар ва халқаро экспертлар қатнашди. Семинарнинг асосий мавзуси онкологик касалликларга қарши курашиш бўйича Миллий дастур лойиҳаси муҳокамасига бағишланди. Мазкур ҳужжат юртимизда онкология хизматини комплекс ривожлантириш, тиббий ёрдам сифати ва самарадорлигини ошириш, касалликларни эрта аниқлаш ҳамда замонавий диагностика ва даволаш усулларини кенг жорий этишга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда паллиатив тиббий ёрдамни кучайтириш, оғир беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, онкоурологик касалликларни эрта ташхислаш ва беморлар маршрутларини оптималлаштириш каби масалалар муҳокамалар марказида бўлди. Семинар якунида таъкидланганидек, Миллий дастур доирасида белгиланаётган чора-тадбирлар ва халқаро ҳамкорлик аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, саратоннинг салбий оқибатларини камайтириш ҳамда тиббий хизматни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА