Александр Огородников: Беларусь-Ўзбекистон муносабатларининг келажаги стратегик шериклик ва қўшма лойиҳаларга таянади
Бугунги кунда Беларусь ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг барча йўналишлари янгича амалий мазмун билан бойиб бормоқда. Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро савдо ва саноат кооперацияси кенгайиб, қўшма инвестиция лойиҳалари ва гуманитар ташаббуслар изчил ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига расмий ташрифи арафасида ЎзА мухбири ушбу мамлакатнинг юртимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Александр Огородников билан ўзаро муносабатларнинг ҳозирги ҳолати, икки томонлама ҳамкорликнинг сўнгги ютуқлари ҳамда шерикликни янада ривожлантириш истиқболлари хусусида суҳбатлашди.
– Ҳурматли жаноб элчи, Беларусь-Ўзбекистон муносабатларининг бугунги ҳолатини қандай баҳолайсиз? Сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорлик доирасида эришилган қайси ютуқларни энг салмоқли деб ҳисоблайсиз ва шерикликни янада ривожлантириш учун қандай истиқболларни кўряпсиз?
– Аввало, мазмунли савол учун раҳмат. Бугунги кунда Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик деярли барча йўналишларда, шу жумладан иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги, маданият ва гуманитар соҳаларда изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко томонидан белгиланган асосий вазифалардан бири ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини бир миллиард долларга етказишдир. Ўтган йил якунларига кўра, биз бу маррага анча яқинлашдик. Жорий йилнинг дастлабки беш ойи натижалари ва кейинги ойлар учун прогнозлардан келиб чиқиб эса бу йил кўзланган мақсадга эришамиз, деб ишонч билан айта оламиз. Бу давлатларимиз учун иқтисодий шерикликнинг юқори даражасини акс эттирувчи муҳим кўрсаткичдир. Беларусь Республикаси Президентининг 2024 йилда Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган 2024-2025 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси”нинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳамкорлик ривожида муҳим босқич бўлди. Бу ҳужжат икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб берди. Навбатдаги олий даражадаги ташриф арафасида яқин истиқболда ҳамкорликни янада ривожлантиришга асос бўлиб хизмат қиладиган 2026-2030 йилларга мўлжалланган янги “йўл харитаси” ҳам биргаликда ишлаб чиқилди. Ўзаро савдо ҳажми рекорд даражага кўтарилганини таъкидлаш лозим. Мамлакатларимиз иқтисодиётлари ўзаро рақобатлашмай, бир-бирини уйғун тарзда тўлдириб бораётгани ҳам икки томонлама муносабатларнинг муҳим жиҳатларидан ҳисобланади. Беларусь маҳсулотлари Ўзбекистон бозорида, Ўзбекистон товарлари эса Беларусь бозорида кенг тақдим этилиб, ўзаро рақобатни вужудга келтирмасдан, аксинча, шериклик имкониятларини кенгайтирмоқда.
Саноат кооперациясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат раҳбарлари томонидан технологик суверенитетни мустаҳкамлаш вазифаси қўйилган бўлиб, ушбу йўналишда Беларусь ҳамда Ўзбекистон кўплаб умумий нуқталарни топди. Айни пайтда қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш соҳасида қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда Беларусь тракторларини йиғиш йўлга қўйилган, жорий йилдан эса уларни маҳаллийлаштириш бошланади. Тиркама ускуналар, кабель-сим маҳсулотлари, паррандачилик ускуналарини ишлаб чиқариш, шунингдек, енгил саноат соҳаларида лойиҳалар ривожланмоқда. Умуман олганда, ҳамкорлигимиз икки мамлакат миллий иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган деярли барча соҳаларни қамраб олган. Янги “йўл харитаси”да ҳамкорликнинг қатор истиқболли йўналишлари ҳам белгиланган. Улардан бири – ёғочни қайта ишлаш саноати. Ўзбекистонда қурилиш соҳаси жадал ривожланиб, аҳоли сони йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Бу эса мебель маҳсулотларига талаб ортишига олиб келяпти. Беларусь замонавий технологиялар ва ишлаб чиқариш тажрибасига эга, шу боис бу соҳада қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш учун яхши истиқболларни кўрмоқда.
Қишлоқ хўжалиги ҳам муҳим йўналиш бўлиб қолмоқда. Ҳамкорлик анъанавий савдодан босқичма-босқич қўшма кооперация лойиҳаларини амалга оширишга ўтяпти. Беларусь гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш технологиялари, қорамолчилик тажрибаси ва замонавий агросаноат ечимлари билан бўлишишга тайёр. Бундай лойиҳаларнинг айримлари ҳозирда ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Энергетика соҳасида ҳам катта имкониятлар бор. Беларусь ўзининг атом электр станциясини муваффақиятли ишга тушириб, бу соҳада ноёб тажриба тўплади. Шу боис, Ўзбекистон раҳбариятининг атом станциясини қуриш тўғрисидаги ташаббусини ўз вақтида қабул қилинган ва стратегик аҳамиятга эга қарор, деб ҳисоблайман. Беларуслик мутахассислар, корхона ва компаниялар шундай лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўз салоҳияти ва амалий тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёр.
Ахборот технологиялари соҳасидаги ҳамкорлик ҳам алоҳида эътиборга молик. Бугунги кунда IT чегара билмайди, бироқ миллий бизнес учун зарур бўлган рақамли ечимларни яратиш устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Замонавий технологиялар харажатларни сезиларли даражада камайтириш, корхоналарни бошқариш самарадорлигини ошириш ва бизнес жараёнлари шаффофлигини таъминлаш имконини беради. Шунинг учун ҳам рақамлаштириш Беларусь–Ўзбекистон ҳамкорлигининг яқин йиллардаги энг истиқболли йўналишларидан бирига айланади. Умуман олганда, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар юқори даражага кўтарилиб, изчил ривожланмоқда. Икки томонлама алоқалар ўзаро ишонч, стратегик шериклик ҳамда икки мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсиши ва халқларимиз фаровонлигига хизмат қиладиган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга интилиш билан ажралиб туради.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикасига бу галги ташрифидан қандай амалий натижалар ва келишувларни кутяпсиз?
– Олий даражадаги ҳар қандай ташриф, у хоҳ президентлар, хоҳ бош вазирлар ёки ҳукумат аъзолари учрашуви бўлсин, икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга катта туртки беради. Айнан шундай музокаралар янги ўсиш нуқталарини топиш, қўшма лойиҳаларни ишга тушириш ва бизнес учун қўшимча имкониятлар очишга замин яратади. Пировардида, бу ўзаро савдо ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва мамлакатларнинг иқтисодиётини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бунда давлат раҳбарларининг учрашувлари алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, айнан президентлар даражасида стратегик қарорлар қабул қилиниб, истиқболдаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгиланади ва Беларусь–Ўзбекистон шериклигининг узоқ муддатли уфқлари шаклланади. Бўлажак музокаралар икки томонлама муносабатларни янада чуқурлаштиришга оид кенг кўламли масалаларни қамраб олади. Иқтисодий кун тартибидан ташқари, етакчилар гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, шу жумладан соғлиқни сақлаш, илм-фан, таълим, маданият, спорт ва санъат соҳаларидаги ўзаро алоқаларга алоҳида эътибор қаратадилар. Бу йўналишлар Беларусь ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши ва узоқ муддатли ўзаро ишонч учун мустаҳкам пойдевор яратиши билан алоҳида аҳамият касб этади. Ташрифнинг асосий натижаларидан бири сифатида Беларусь Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши кутилмоқда. Аслида, икки давлат ўртасидаги муносабатлар аллақачон стратегик шериклик даражасига мос келади. Янги ҳужжат эса бу мақомни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб, узоқ муддатли истиқболдаги ҳамкорлик асосларини белгилаб беради.
– Сизнингча, ўзгарувчан геосиёсий шароитда Беларусь ва Ўзбекистон МДҲ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро ҳамкорликни қандай мустаҳкамлаши мумкин?
– Беларусь ва Ўзбекистон МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун кўплаб имкониятларга эга. Бу механизмлар икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилмоқда. Бундай ташкилотлардаги иштирок иқтисодий ривожланиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва савдо-инвестициявий алоқаларни кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади. МДҲ ва ШҲТ таркибига улкан иқтисодий салоҳиятга эга давлатлар киради ва улар билан ҳамкорлик инвестицияларни жалб қилиш, технологиялар алашинуви ҳамда кенг кўламли инфратузилма ташаббусларини рўёбга чиқариш учун қулай шароитлар яратади. Тез ўзгарувчан геосиёсий вазиятда транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Беларусь ҳам, Ўзбекистон ҳам денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар ҳисобланади. Шунинг учун халқаро транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашнинг асосий омилларидан бирига айланмоқда. МДҲ ва ШҲТ мамлакатлари транспорт инфратузилмаси ва транзит ташувлари соҳасида кенг имкониятларга эга. Шерикликни ривожлантириш орқали мамлакатларимиз ўз транзит салоҳиятидан янада самарали фойдаланиб, товарларни ташқи бозорларга етказиб беришнинг тезроқ, ишончлироқ ва иқтисодий жиҳатдан афзалроқ йўналишларини очиши мумкин. Бу миллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш билан бирга, икки мамлакатнинг халқаро таъминот занжирларидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Технологиялар, инновациялар ва транспорт соҳасидаги ҳамкорлик ҳам муҳим йўналиш бўлиб қолмоқда. Катта илмий-техник ва саноат салоҳиятига эга бўлган давлатлар билан ҳамкорлик иқтисодиётни модернизация қилиш, замонавий ечимларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш учун янги имкониятлар эшигини очади. Шундай қилиб, Беларусь ва Ўзбекистоннинг МДҲ, ШҲТ ва бошқа халқаро тузилмалардаги иштироки нафақат ташқи сиёсий, балки муҳим амалий аҳамиятга ҳам эга. Бундай майдонлар икки томонлама шерикликни мустаҳкамлаш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва ҳозирги геосиёсий шароитда ҳар икки мамлакатнинг барқарор ривожланиши учун янги имкониятлар яратишга хизмат қилади.
– Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик қандай ривожланмоқда? Қўшма корхоналар сони ва Беларусь сармоялари ҳажми ортиб боряптими?
– 2025 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликда сезиларли ижобий ўсиш кузатилди. Ўзбекистон бозорида фаолият юритаётган Беларусь компаниялари сонининг икки баробарга ортгани энг катта натижалардан бири бўлди. Агар йил бошида Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокидаги 116 та қўшма ва хорижий корхона рўйхатга олинган бўлса, йил якунига келиб уларнинг сони 242 тага етди. Тўғри, инвестициялар ҳажми ҳали миллиардлаб долларда ўлчанмаётган бўлиши мумкин, лекин, биринчи навбатда, маблағларнинг ҳажми эмас, қаерга йўналтирилаётгани ва одамларнинг ҳаётига қандай таъсир қилаётгани муҳим. Ҳар бир янги компаниянинг кириб келиши нафақат капитал оқимини, балки замонавий технологиялар жорий этилиши, янги иш ўринлари яратилиши ва ишлаб чиқариш салоҳияти ривожланишини англатади. Беларусь бизнеси Ўзбекистонга узоқ муддатли режалар билан кириб, маҳаллий бозорга ўзининг билим ва кўникмалари, тажрибаси ҳамда технологик ечимларини олиб келмоқда. Эътиборлиси, ҳамкорлик иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларини қамраб олган. Беларусь компаниялари нафақат машинасозлик ёки қишлоқ хўжалиги, балки саноат ва ишлаб чиқаришдан тортиб хизмат кўрсатиш ва юқори технологияли лойиҳаларгача бўлган турли йўналишларда фаолият кўрсатмоқда. Бундай диверсификация Ўзбекистон иқтисодиёти ҳар томонлама ривожланаётгани ва унинг хорижий сармоядорлар учун жозибадорлигидан, шунингдек, Беларусь бизнесининг Ўзбекистон бозорига нисбатан ишончи ортиб бораётганидан далолат беради.
– Маданий-гуманитар ҳамкорлик халқлар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди. 2026 йилда Беларусь ва Ўзбекистонда қандай қўшма тадбирлар, фестиваль, таълим дастурлари ва ёшлар алмашинуви режалаштирилган?
– Беларусь ва Ўзбекистон маданий-гуманитар ҳамкорликни икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашнинг энг муҳим пойдевори деб билади. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Беларусь ўзбекистонлик ҳамкасблари билан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ва бошқа йўналишларда самарали ҳамкорлик тажрибасига эга. Тиббиёт форумлари, қўшма жарроҳлик амалиётлари, таълим дастурлари ва икки мамлакат мутахассислари ўртасида илғор тажриба алмашиш янада ривожлантирилади. Бундан ташқари, туризм истиқболли йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Хорижлик сайёҳларда Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросига қизиқиш ортаётгани баробарида беларуслик сайёҳлар сони ҳам кўпаймоқда. Беларусь эса, ўз навбатида, ўзбекистонликларни ўзининг туристик имкониятлари билан таништиришга интилмоқда. Ўзбекистонда ўтказиладиган “Беларусь-Ўзбекистон” иккинчи туризм форуми айни шу мақсадга хизмат қилиб, туроператорлар ўртасидаги шерикликни ривожлантириш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини очиш учун самарали мулоқот майдонига айланади.
Спорт, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Беларусь Ўзбекистон спортининг халқаро майдондаги ютуқларини олқишлайди. Маданий алоқалар эса Маданият кунлари, кинофестиваллар, ижодий жамоаларнинг гастроль сафарлари ва етакчи театрлар ҳамкорлиги орқали мустаҳкамланмоқда. Касб-ҳунар таълимига келадиган бўлсак, иқтисодиётни модернизация қилиш ва замонавий касб эгаларига талаб ортиб бораётган шароитда Беларуснинг малакали техник мутахассисларни тайёрлаш бўйича тажрибасига эҳтиёж катта.
Икки томонлама кун тартибида тадбиркорликни ривожлантириш масаласи ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Бу йил Хивада тўртинчи Беларусь-Ўзбекистон аёллар бизнес-форуми бўлиб ўтади. У икки мамлакат тадбиркор аёлларини тажриба алмашиш ва янги лойиҳаларни шакллантириш учун бир майдонга жамлайди. Шу билан бирга, ҳудудлараро ҳамкорлик ҳам кенгаймоқда. Бугунги кунда асосий эътибор фақат пойтахтлар даражасидаги ҳамкорликдан ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишга қаратилмоқда. Зеро, айнан ҳудудларда маҳаллий бизнес Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий шерикликни кенгайтиришнинг янги драйверига айланиши мумкин.
– Сиз 2025 йилнинг февралидан буён Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси сифатида фаолият юритиб келяпсиз. Шу вақт ичида юртимизнинг қайси ўзига хос жиҳати Сизда катта таассурот қолдирди – одамларми, маданиятми, анъаналарми ёки юз бераётган кенг кўламли ўзгаришларми?
– Ўзбекистон ҳақидаги таассуротларим, энг аввало, унинг одамлари билан боғлиқ. Бу ерда очиқлик, самимийлик ва меҳрибонлик ҳар қадамда, ҳар нарсада сезилиб туради. Одамлар доим ёрдам қўлини чўзишга тайёр. Йўлни сўрасангиз, манзилга кузатиб ҳам қўйишади, бозорда керакли маҳсулотни топишда ёрдамлашишади, хуллас, меҳмон ўзини уйдагидек ҳис қилиши учун қўлидан келганини қилишади. Бунақа муносабат инсонда чиндан ҳам кучли таассурот қолдиради. Ўзбекистонликларнинг Ватанига бўлган муҳаббатини кўриб эса ҳавасинг келади. Юртингизнинг ҳар бир фуқароси шу заминда туғилганидан фахрланади, ўз Ватани ҳақида чексиз ҳурмат ва меҳр билан сўзлайди. Ўзбекистонда миллий ғурур туйғуси яққол кўзга ташланиб туради. Ўзбекистонга нега қуёш ўлкаси деган таъриф берилишини ҳам бу ерга келиб англадим. Қишда ҳафталаб, баъзан эса ойлаб қуёш кўрмайдиган беларуслар учун бундай нурафшон кунлар ҳақиқий мўъжизадир. Бу ерда қуёш нафақат табиат, балки одамларнинг кайфиятига ҳам таъсир қиладигандек гўё. Эрта тонгдан қуёш нурларини сочиб турса, кун ҳам ўзгача бошланади. Ўзбекистоннинг табиати ҳам менда катта таассурот қолдирди. Беларусь – ўрмонлар ва кўллар диёри, шунинг учун бу ердаги тоғлар кишини ҳайратлантиради. Ўзбекистоннинг пурвиқор тоғлари ва бепоён адирлари табиатга янгича назар ташлаш имконини беради.
Албатта, ўзбек таомлари ҳақида ҳам фикримни айтмасам бўлмайди. Зеро, ҳар қандай мамлакат билан танишув нафақат унинг диққатга сазовор жойлари, балки бир дастурхон атрофидаги суҳбатдан бошланади. Ўзбекистонга аввал ҳам ташриф буюрганман, лекин айнан узоқроқ муддат яшаганимда ош, сомса ва бошқа миллий таомлар нима учун ҳудудларда бир-биридан фарқ қилишини, гастрономик анъаналар маданият, миллий либос, мусиқа ва рақс санъати билан қанчалик чамбарчас боғлиқлигини теран англадим. Шу боис, меҳмонларни кутиб олганда, аввал мамлакатнинг меъморий меросини кўрсатиб, сўнг уларни миллий таомлар ва анъанавий меҳмондўстлик билан таништириш учун ҳақиқий ўзбек чойхонасига таклиф қилгингиз келади.
Азиза Алимова суҳбатлашди, Ўктам Ҳаитов (сурат), ЎзА