Ал-Хоразмийдан Теслагача: ўзбек-серб муносабатларидаги янги динамика ва кўп қиррали ҳамкорлик истиқболлари
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Сербия муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Узоқ вақт эпизодик характер касб этган алоқалар айниқса, 2025–2026 йилларда изчил сиёсий мулоқот, мустаҳкам шартномавий база ва амалий ҳамкорлик лойиҳалари билан тўлди.
2025 йил 28-31 октябрь кунлари Сербия Президенти Александр Вучичнинг юртимизга амалга оширган расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихидаги илк олий даражадаги саммит сифатида муҳим воқеа бўлди. Ташриф якунида Қўшма декларация ва иқтисодиёт, инвестиция, таълим, фан, маданият, туризм, тиббиёт, меҳнат миграцияси, илғор технологиялар ва спорт каби соҳаларни қамраб олган ҳужжатлар тўплами имзоланди.
Эътиборлиси, жорий йилда ҳам сиёсий мулоқот юқори суръатда давом этмоқда. Ташқи ишлар вазирлари даражасида музокаралар ўтказилди, Сербия ташқи ишлар вазири Марко Журич Тошкентга ташриф буюрди, давлат раҳбарлари Боку ва бошқа халқаро майдонларда учрашди. Икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқалар ҳам фаоллашиб, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги парламент делегациясининг Белградга ташрифи ва парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумнинг имзоланиши муҳим қадам бўлди.

ЎзА мухбири “Дунёга назар” рукни доирасида давлатимиз раҳбарининг Сербияга расмий ташрифи аҳамияти, Ўзбекистон ва Сербия муносабатлари, ҳамкорликнинг ҳозирги босқичи ва истиқболлари хусусида сиёсий фанлар доктори, профессор Сайфиддин Жўраевнинг фикрларини ёзиб олди.
Сиёсий мулоқот: ишонч ва стратегик яқинлашув
– Бугун икки давлат ўртасида кўп даражали сиёсий мулоқот тизими шаклланган, -дейди ТДШУ профессори С.Жўраев. – Президентлар, ташқи сиёсий идоралар ва парламентлар даражасидаги мунтазам алоқалар муносабатларнинг институционал асосини мустаҳкамламоқда. 2025 йилда элчиларнинг ўзаро аккредитация қилиниши ҳам дипломатик муносабатлардаги муҳим бўшлиқни тўлдирди.
Томонларни яқинлаштирувчи муҳим омиллардан бири – суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ўзаро қўллаб-қувватлаш, шунингдек, кўп векторли ва мувозанатли ташқи сиёсат юритишга бўлган ёндашувларнинг яқинлигидир. Айни пайтда Сербия Ўзбекистонни Марказий Осиёга чиқиш учун муҳим ҳамкор сифатида кўрса, Ўзбекистон Сербияни Европа бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтирувчи шерик сифатида баҳолайди.
Муносабатларнинг кейинги босқичи стратегик шерикликни институционал жиҳатдан расмийлаштириш, мунтазам саммитлар амалиётини йўлга қўйиш, Ҳукуматлараро комиссия фаолиятини бошлаш ҳамда Тошкент ва Белградда дипломатик иштирокни кучайтиришни тақозо этади.
Стратегик шерикликнинг иқтисодий қирралари
2025 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айланмаси қарийб 12 миллион долларни ташкил этган. Ўзбекистонда серб капитали иштирокидаги тўққизта корхона фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, сўнгги йилларда савдо ҳажмининг ўсиб бориши иқтисодий алоқалар учун катта имконият мавжудлигини кўрсатмоқда.
2025-2026 йилларда иқтисодий шерикликнинг ҳуқуқий ва институционал пойдевори яратилди. Иқтисодий ҳамкорлик ҳамда инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимлар кучга кирди. Бизнес-форумлар ва B2B учрашувлар ўтказилиб, қўшма Ишбилармонлар кенгаши ҳамда икки ўлкада савдо уйларини ташкил этиш масалалари илгари сурилди.
Келгуси босқичда преференциал савдо режими ва эркин савдо битими масаласи муҳим ўрин тутади. Машинасозлик, фармацевтика, кимё, енгил саноат, агросаноат, ахборот технологиялари, рақамлаштириш ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳалар учун салоҳият юқори. Сербиянинг Европа бозорларига чиқиш имкониятлари Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш салоҳияти билан уйғунлаштирилса, икки мамлакат ўртасида “қўшма ишлаб чиқариш – учинчи бозорларга чиқиш” модели шаклланиши мумкин.
Транспорт-логистика масаласи ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Тошкент – Белград тўғридан-тўғри авиақатновини йўлга қўйиш, темир йўл ташувларини ривожлантириш ва Транскаспий йўлаги билан боғлиқ янги логистика йўналишларини ишлаб чиқиш савдо, туризм ва гуманитар алоқаларни сезиларли равишда жадаллаштириши мумкин.
Меҳнат миграцияси: янги имкониятлар
Меҳнат миграцияси икки давлат манфаатлари кесишадиган яна бир муҳим йўналишдир. Сербияда ишчи кучига эҳтиёж ортиб бораётган бўлса, Ўзбекистон учун фуқароларни хорижда қонуний ва ҳимояланган тарзда ишга жойлаштириш муҳим аҳамият касб этади.
2025 йилда меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган. Кейинги босқичда малакаларни тан олиш, ижтимоий кафолатлар ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тўлақонли ҳукуматлараро битим қабул қилиниши мумкин. Ўзбекистон фуқаролари учун виза тартибини соддалаштириш ҳам меҳнат ва ишбилармонлик мобиллигини оширишга хизмат қилади.
Маданият, таълим ва фан – узоқ муддатли пойдевор
Маданий-гуманитар алоқалар ҳам янги мазмун касб этмоқда. 2025 йилда таълим, фан ва маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳамда Тошкент ва Белград ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги ҳужжат имзоланди. Жорий йилда маданият вазирликлари ўртасида мулоқотлар, Белградда учрашувлар ва қўшма кинолойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича ташаббуслар амалга оширилди.
“Ал-Хоразмийдан Теслагача” ғояси асосидаги қўшма кинолойиҳа икки халқнинг илмий-маданий меросини замонавий контент орқали кенг тарғиб этиш учун ўзига хос имконият яратади. Шунингдек, маданият кунларини мунтазам ўтказиш, адабий таржималар, музейлар ва реставрация соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболли йўналишлардир.
Таълим ва илмий ҳамкорликда ҳам амалий лойиҳалар йўлга қўйилмоқда. Ўзбекистон ва Сербия университетлари ўртасида қўшма тадқиқотлар, талабалар ва ўқитувчилар алмашинуви, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш имкониятлари кенгаймоқда. Қишлоқ хўжалиги, муҳандислик, тиббиёт, рақамли технологиялар ва экологик тадқиқотлар устувор соҳалар сифатида намоён бўлаётир.
Белград ҳам Ўзбекистон билан муносабатларни Марказий Осиёга чиқишнинг муҳим йўналиши сифатида баҳоламоқда. Сербия учун Ўзбекистон бозори, инвестиция имкониятлари, ишчи кучи, қишлоқ хўжалиги, АКТ, фармацевтика ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик қизиқиш уйғотмоқда. Ўзбекистоннинг Белградда ўтказиладиган “EXPO-2027” кўргазмасида фаол иштироки ҳам муносабатларнинг иқтисодий ва дипломатик аҳамиятини ошириши мумкин.
Умуман олганда, Ўзбекистон – Сербия муносабатлари бугун сиёсий ишонч, иқтисодий манфаатдорлик ва гуманитар яқинликка асосланган янги босқичга кирмоқда. Сўнгги йилларда яратилган мустаҳкам ҳуқуқий база, фаол сиёсий мулоқот ва амалий ташаббуслар икки республика ўртасидаги ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш учун зарур пойдеворни шакллантирди. Шу маънода, Тошкент ва Белград ўртасида шаклланаётган янги шериклик муносабатлари узоқ муддатли стратегик мақсадларга йўналтирилган, амалий мазмун билан бойиб бораётган ва келгусида янада кенг кўлам касб этиши мумкин бўлган истиқболли ҳамкорлик намунасидир.
Ў.Алимов, ЎзА