Ўзбекистон ва Сербия муносабатларида янги босқич: иқтисодиёт ва инвестицияларга эътибор кучаймоқда
Сербиянинг “Politika” нашри Тошкент ва Белград ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда изчил ривожланиб, янги мазмун билан бойиб бораётганини қайд этди. Нашрнинг ёзишича, сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқалар, гуманитар ҳамкорлик, савдо-иқтисодий муносабатлар тобора кенгайиб, икки ўлка ўртасидаги шериклик кўп қиррали тус олмоқда.
Мақолада давлатимиз раҳбарининг Сербия Республикаси Президенти Александр Вучичнинг таклифига биноан 7-8 сентябрь кунлари ушбу мамлакатга амалга оширадиган бўлажак расмий ташрифи икки давлат муносабатларидаги фаоллашувнинг мантиқий давоми сифатида баҳоланган.
Муаллифнинг ёзишича, мазкур ташриф сиёсий мулоқотни янада чуқурлаштириш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва янги инвестициявий имкониятларни ишга солиш учун муҳим аҳамият касб этади.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги муносабатларнинг муҳим хусусиятларидан бири – томонларнинг ўзаро ҳурмат, миллий манфаатларни инобатга олиш ва халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорлик қилишга интилиши ҳисобланади. Ана шу тамойиллар икки давлат ўртасидаги сиёсий мулоқот учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Нашр икки мамлакат дипломатик муносабатларининг тарихига ҳам тўхталган. Сербия Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 31 декабрда тан олган, дипломатик муносабатлар эса 1995 йил 18 январда ўрнатилган. Дастлаб нисбатан чекланган кўламда бўлган икки томонлама алоқалар айниқса, сўнгги йилларда сезиларли даражада фаоллашган.
Сиёсий мулоқот янги босқичга кўтарилмоқда
Ўзбекистон ва Сербия ўртасида юқори даражадаги сиёсий мулоқотнинг жадаллашуви икки давлат муносабатларидаги энг муҳим тенденциялардан бирига айланган. 2025 йил сентябрь ойида ШҲТ доирасида Пекинда ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Президенти Александр Вучич ўртасида қисқа мулоқот бўлиб ўтгани, шундан сўнг икки давлат раҳбарлари ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилгани мақолада таъкидланган.
Шу жараённинг муҳим давоми сифатида Сербия Президенти Александр Вучичнинг 2025 йил 28–30 октябрь кунлари юртимизга амалга оширган расмий ташрифи келтирилган. Хабарга кўра, мазкур ташриф сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш билан бир қаторда, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар очган.
Ташриф доирасида Тошкент ва Белград ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги келишув имзоланган. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги алоқалар фақат ҳукуматлараро даража билан чекланиб қолмасдан, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик кўламини ҳам кенгайтираётганини кўрсатади.
Шунингдек, мақолада икки ўлка ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги мунтазам мулоқот ҳам алоҳида қайд этилган. Жумладан, 2021 йилда Тошкентда сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилган, 2022 йилда эса БМТ Бош Ассамблеяси сессияси доирасида ташқи ишлар вазирлари сиёсий маслаҳатлашувлар ва идоралараро ҳамкорлик тўғрисида протокол имзолаган.
Иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик – янги устувор йўналиш
Сиёсий соҳада тўпланган ишонч ва мулоқотни энди аниқ иқтисодий натижаларга айлантириш икки давлат олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Эътиборлиси, Ўзбекистон ва Сербия муносабатларида савдо-иқтисодий ҳамкорлик, инвестициялар ва гуманитар алоқаларни ривожлантириш учун салмоқли салоҳият мавжуд.
Айниқса, сўнгги йиллардаги сиёсий фаоллик икки томонлама иқтисодий муносабатларни кенгайтириш учун зарур сиёсий ва институционал асосни шакллантирмоқда. Энди асосий вазифа мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро савдо ҳажмини оширишдан иборат.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик Марказий Осиё билан Жануби-Шарқий Европа ўртасидаги иқтисодий ва дипломатик алоқаларни кенгайтириш учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Янги босқич учун мустаҳкам асос
Экспертлар Ўзбекистон – Сербия муносабатларида 2025–2026 йилларда кузатилган фаолликни янги босқичнинг бошланиши сифатида баҳолайди. Давлат раҳбарлари ўртасидаги мулоқотлар, ташқи ишлар вазирликлари даражасидаги мунтазам учрашувлар, парламентлараро алоқаларнинг кучайиши ҳамда дипломатик ваколатхоналар фаоллигининг ортиши икки республика ўртасида сиёсий ишонч мустаҳкамланаётганини кўрсатмоқда.
Мақолада Ўзбекистоннинг Сербиядаги биринчи элчисининг тайинлангани ҳам икки томонлама муносабатларнинг институционал асослари тобора мустаҳкамланаётганининг муҳим белгиси сифатида қайд этилган. Томонлар ўртасида шаклланган сиёсий капитални иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳалардаги амалий натижаларга айлантириш энди асосий вазифага айланмоқда. Умуман олганда, Президентимизнинг Сербияга расмий ташрифи икки мамлакат муносабатларида янги имкониятларни очиши шубҳасиз.
Абдуғафур Маматов,
ЎзА